Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бузилса...
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида маҳсулот етказиш тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда. Уларнинг турлари кенгаймоқда. Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субъектларнинг шартнома шартларини қўпол равишда бузиши, сохта тадбиркорлик орқали асоссиз равишда бойлик орттириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан тақдим қилинган даъво аризаларини кўриб чиқишда маълум бир қийинчиликларни жавобгарлар томонидан ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги ҳам келтириб чиқаради.
Маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш учун ҳар бир даъво аризани иш юритишга қабул қилиш, тайёрлаш босқичида судья томонидан пухта ўрганиш ва процессуал ҳаракатларнинг тўлиқ бажарилиши суд ҳужжатини қабул қилиш жараёнидаги хатоларнинг олдини олиб, низонинг узоқ муддат чўзилмаслигига сабаб бўлади.
Хусусан, даъвогар “Бухоро логистик” хусусий фирмаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилади. Натижада жавобгар “Акбар мелиоратив қурилиш” масъулияти чекланган жамиятидан 9 млн 531 минг 215 сўм асосий қарз, 4.308.109 сўм пеня, жами 13.839.324 сўм ундириб беришни сўраган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ҳамда “Достон мелиоратив қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2019 йил 27 майда 183-сонли темир-бетон маҳсулотини етказиб бериш шартномаси тузилган.
Шартноманинг 1.1-бандига асосан даъвогар жавобгарнинг буюртмасига асосан темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш, жавобгар эса мазкур маҳслотларни шартномада белгиланган тартибда қабул қилиб олиш мажбуриятини олган.
Бироқ, жавобгар шартномавий мажбуриятини лозим даражада бажармасдан етказиб берилган маҳсулотлар ҳақини даъвогарга тўлиқ тўламаган. Яъни 49 млн 531 минг 215 сўмлик тайёрланган маҳсулотларнинг ҳақини 2019 йил 27 майдан 30 октябрига қадар 40 млн сўмлик маҳсулот ҳақини 2019 йил 27 майдаги 102-сонли тўлов топшириқномаси орқали тўлаб, қолган 9 млн 531 минг 215 сўмга қарздор бўлиб қолган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар шартнома шартларига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Кодекснинг 333-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Тузилган шартномаларга асосан, жавобгар даъвогар олдидаги мажбуриятларини лозим даражада бажармасдан ундан қарздор бўлиб қолган. Ушбу ҳолат иш ҳужжатларига илова қилинган 2019 йил 30 майдаги 195-сонли, 2019 йил 2 июндаги 227-сонли ҳисоб-фактуралари ва даъвогар вакилининг оғзаки кўрсатмалари билан тасдиқланган.
Биринчи инстанция судининг 2021 йил 17 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилди. Жавобгардан даъвогар фойдасига 9 млн 531 минг 215 сўм асосий қарз ундириш талаби тўлиқ қаноатлантирилган. Суд, мажбуриятни бузилиши билан жарима (неустойка) миқдори номутаносиблиги, тарафларнинг манфаатлари, даъвогар қарздорликни ўз вақтида ундириш чораларини кўрмаганлиги, кечиктирилганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг 4 млн 308 минг 109 сўм пеня ундириш тўғрисидаги талабини 1 млн 861 минг 621 сўмга қаноатлантиришни лозим топган.
Хулоса ўрнида, мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, уларни молиялаш тизимининг барқарорлигини ошириш ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бу каби низони ҳал қилиш самарадорлигига эришиш низолашаётган тарафларда келажакка йўналтирилган мақсадли ҳаракатлари ҳисобидан вақт, пулни тежашга ёрдам беради. Шунингдек, тарафларга келгусида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш, шартномавий ва бошқа муносабатларга қайта киришиши учун бир-бирига ишонч каби ишбилармонлик муҳитини сақлашга имкон беради.
Таъкидлаш жоизки, маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатга кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар, аввало шартнома шартлари ва юқоридаги қонун ҳужжатлари нормаларига қатъий риоя қилишлари зарур. Ушбу тартибга амал қилиш тарафлар ўртасида низоларнинг келиб чиқмаслигига ёки келиб чиққан тақдирда уни судга қадар ҳал этиш имконини беради.
Луқмон Кадиров,
Бухоро вилоят судининг раиси
Музаффар Болтаев,
Когон туманлараро иқтисодий судининг раиси