Маҳаллийлаштириш дастури ўз самарасини бермоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида маҳаллийлаштириш дастури самарали амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг январ-май ҳолатига кўра 251 та лойиҳа бўйича 704,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, режа 103,5 фоизга бажарилди.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 4 баробарни, импорт ўрнини босиш самарадорлиги эса 56,1 миллион долларни ташкил қилди.
Бунда янги лойиҳалар бўйича 570,5 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Корхоналар кесимида оладиган бўлсак, Марказий таъмирлаш механика заводида 105 та лойиҳа бўйича 35,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Чирчиқ шаҳридаги Илмий бирлашмада 31 та лойиҳа бўйича 54 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Шунингдек, дастур бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришда Мис эритиш заводининг улуши 10,4 миллиард сўм бўлган.
Бундан ташқари, янги барпо этилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси бўйича дастур асосида 368,8 миллиард сўмлик металлоконструкция тайёрланган. Портловчи материаллар заводида 89 миллиард сўмлик портловчи моддалар ишлаб чиқарилган. Комбинат таркибий бўлинмаларидаги 8 та механик таъмирлаш участкалари томонидан 13,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланган. Яна бир аҳамиятли жиҳати маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлардан 1,46 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти ҳам амалга оширилди.
ОКМК томонидан саноат кооперацияси ва шатакка олиш тизими орқали январь-май ойларида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан 535,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар харид қилинди. Бу кўрсаткич прогнозга (424,2 миллиард сўм) нисбатан 126 фоизни ташкил этди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан комбинат томонидан аввал импорт қилинган маҳсулотларни ўзлаштириш мақсадида “Олмалиқ қуюв механика заводи” МЧЖда 40 турдан зиёд (300 миллиард сўм) қуйма маҳсулотларни ишлаб чиқариш бошланди.
“Intercon Roollers” қўшма корхонасида конвейер роликларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилиб, ойига 12 минг дона ролик ишлаб чиқаради ва комбинатнинг талабини тўлиқ қондиради.
“Avantec” қўшма корхонасида германиялик ҳамкорлар билан дастгоҳлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари якунланди. Бугунги кунда ускуналарни олиб келиш ва ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати