Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Соҳада экспорт 220 миллион долларга етди. Лекин унинг атиги 7 фоизини дори воситалари ташкил қилмоқда.
Юртимиздаги 58 та дори корхонасининг барчаси миллий GMP сертификатини олган. Эндиликда қиммат бозорларга кириб бориш учун корхоналарни Евро GMP талабларига ҳам мослаштириб бориш зарурлиги қайд этилди. 1 июндан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ЕвроGMP сертификатини олиш харажатининг 50 фоизи Савдога кўмаклашиш жамғармасидан қопланиши белгиланди.
Фармацевтика корхоналари давлат харидларида қатнашиш билан боғлиқ бир қатор масалаларни кўтарган. Масалан, 51 та корхона ўзи ишлаб чиқарган 2 минг турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар бўйича маҳаллий маҳсулот сертификатини олган. Бироқ маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизга етмагани учун 16 та ишлаб чиқарувчи 178 турдаги маҳаллий дори ва тиббий буюмларни давлат корхоналарига сота олмаяпти.
Умуман, мазкур масалани нафақат фармацевтика, балки электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик каби соҳалардаги 811 та корхона ҳам кўтарган.
Шунинг учун 1 сентябргача маҳаллий маҳсулот сертификати бор тадбиркорларга маҳаллийлаштириш даражасидан қатъи назар, давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади. Мутасаддиларга илғор хорижий тажриба асосида маҳаллий маҳсулот бўйича мезонларни тўлиқ қайта кўриб чиқиш топширилди.
ЎзА