Маҳаллий кенгашларда очиқлик қандай таъминланмоқда?
Президент фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатишни таъминлаш белгиланган.
Чунки бу маҳаллий Кенгашларда очиқлик таъминланиши, улар фаолиятидан аҳоли ва кенг жамоатчилик хабардор бўлишида муҳим ўрин тутади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур тартибнинг маҳаллий Кенгашлар томонидан 2022 йил давомида ижро этилиши ҳолатини таҳлил қилди.
Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, ўрганиш давомида кенгашлар томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги кўриб чиқилди. Бунда сессиялар тўғрисида эълон қилинган қисқа хабарлар ёки фото ва видеорепортажлар фармон талаблари ижросини таъминламаганлик сифатида баҳоланди. Шунингдек, масофавий мониторинг тартибида трансляцияларнинг сифати ва тўлиқлиги ўрганилди.
Аниқланишича, 2022 йил давомида халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан жами 245 сессия ўтказилган. Улардан фақатгина 61 таси, яъни 25 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган.
Мисол учун, халқ депутатлари Хоразм, Жиззах, Наманган, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан 2022 йил давомида ўтказилган биронта сессия жонли эфирга узатилмаган.
Халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари сессияларининг онлайн эфирга узатилиш ҳолати
(2022 йил давомида)
Ҳудудлар | Ўтказилган сессиялар сони | Эфирга узатилган сессиялар сони | Жонли эфирга узатилмаган сессиялар |
| Жиззах вилояти | 11 | 0 | 11 (100%) |
| Тошкент шаҳар | 22 | 0 | 22 (100% |
| Наманган вилояти | 7 | 0 | 7 (100% |
| Хоразм вилояти | 17 | 0 | 17 (100 %) |
| Фарғона вилояти | 13 | 0 | 13 (100%) |
| Сурхондарё вилояти | 24 | 1 | 23 (96%) |
| Қашқадарё вилояти | 18 | 3 | 15 (83%) |
| Андижон вилояти | 14 | 4 | 10 (71%) |
| Тошкент вилояти | 22 | 4 | 18 (82%) |
| Қорақалпоғистон Республикаси | 15 | 7 | 8 (53%) |
| Сирдарё вилояти | 14 | 8 | 6 (43%) |
| Навоий вилояти | 17 | 9 | 8 (47 %) |
| Самарқанд вилояти | 26 | 11 | 15 (54%) |
| Бухоро вилояти | 25 | 14 | 11 (44 %) |
| Жами | 245 | 61 | 184 (85 %) |
Шунингдек, ўрганиш давомида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларининг жонли эфирга узатилиши ҳолати ҳам таҳлил қилинди.
Аниқланишича, 2022 йил давомида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан республика бўйича жами 3 минг 154 сессия ўтказилган бўлиб, улардан фақатгина 750 таси, яъни 24 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган.
Жумладан, Тошкент вилоятида 13 та (Ўртачирчиқ, Бўка, Янгийўл, Тошкент т., Юқоричирчиқ, Оққўрғон, Бўстонлиқ, Қуйичирчиқ, Паркент, Ангрен, Чирчиқ, Нурафшон, Янгийўл), Андижон вилоятида 8 та (Андижон т., Жалақудуқ, Балиқчи, Қўрғонтепа, Марҳамат, Улуғнор, Асака, Булоқбоши), Бухоро вилоятида 6 та (Шофиркон, Когон, Пешку, Ромитан, Жондор, Ғиждувон), Қашқадарё вилоятида6 та (Шаҳрисабз, Деҳқонобод, Муборак, Қарши шаҳар, Ғузор, Нишон), Навоий вилоятида 4 та (Томди, Хатирчи, Конимех, Навбаҳор), Наманган вилоятида 4 та (Чортоқ, Чуст, Косонсой, Уйчи), Қорақалпоғистон Республикасида 3 та (Қўнғирот, Беруний, Бўзатов), Хоразм вилоятида 3 та (Боғот, Қўшкўпир, Хива ш.), Сурхондарё вилоятида 2 та (Денов, Сариосиё), Самарқанд вилоятида 1 та (Қўшработ) халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари умуман жонли трансляция қилинмагани маълум бўлди.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларининг жонли эфирга узатилиш ҳолати
(2022 йил давомида)
Ҳудуд (туман, шаҳар) | Ўтказилган сессиялар сони | Эфирга узатилган сессиялар сони | Жонли фирга узатилмаган сессилар сони |
| Жиззах вилояти | 25 | 0 | 25 (100%) |
| Тошкент шаҳар | 235 | 0 | 235 (100%) |
| Наманган вилояти | 119 | 5 | 114 (96%) |
| Фарғона вилояти | 316 | 6 | 310 (98%) |
| Андижон вилояти | 176 | 6 | 170 (97%) |
| Қашқадарё вилояти | 182 | 29 | 153 (83%) |
| Навоий вилояти | 175 | 31 | 144 (82%) |
| Сирдарё вилояти | 168 | 51 | 117 (70%) |
| Тошкент вилояти | 402 | 54 | 348 (87%) |
| Бухоро вилояти | 267 | 66 | 201 (75%) |
| Қорақалпоғистон Республикаси | 254 | 67 | 187 (74%) |
| Хоразм вилояти | 219 | 71 | 148 (68%) |
| Сурхондарё вилояти | 215 | 123 | 92 (43%) |
| Самарқанд вилояти | 401 | 241 | 160 (40%) |
| Жами | 3 154 | 750 | 2 404 (76%) |
ЎзА