Маҳалланинг замонавий кутубхонаси бор
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Бухоро вилоятида ахборот-кутубхона марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида биргина Вобкент туманида бугунги кунда кутубхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, моддий техник базасини мустаҳкамлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида туманнинг “Сўфидеҳқон” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий кутубхона биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур замонавий ахборот-кутубхона маркази 950 миллион сўм маблағ эвазига қад ростлади. Шундан 600 миллион сўм Республика Ёшлар агентлиги махсус жамғармаси, 350 миллион сўм туман бюджетининг маблағлари эвазига қуриб битказилди. Кутубхона 3 минг дона китоб фондига эга бўлиб, унда “Ибрат фарзандлари” чет тилларини ўқитиш хонаси, шахмат-шашка спорт хонаси, китобхонлар учун замонавий ўқиш зали мавжуд.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.