Маҳаллани ривожлантиришга қаратилган олтинчи миллий дастур муҳокамаси
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси ҳамда унинг ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг қўшма йиғилишида Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида белгилаб берилган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Қўмита раиси Гулруҳ Аъзамова Президентимиз томонидан илгари сурилган 7 та миллий дастур келгуси ўн йилликда мамлакат тараққиётини таъминлаш, инсон қадрини янада юксалтириш, давлат ва жамият ҳаётини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик йўналиш эканлигини таъкидлади. Ҳар бир дастур ўзаро боғлиқ бўлиб, бири иккинчисини тўлдирган ҳолда келгуси ривожланишга асос бўлишини айтиб ўтди.
Айниқса, олтинчи миллий дастурда маҳаллаларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, аҳоли эҳтиёжлари ҳамда ташаббусларини ҳудудларни ривожлантириш жараёнларига кенг жалб этиш муҳим вазифалар сифатида белгилангани алоҳида аҳамиятга эга.
Таъкидланганидек, бугун маҳалла аҳолини бирлаштирадиган, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашадиган институт, ҳудудни ривожлантириш бўйича қарорларни шакллантиришда бевосита иштирок этадиган, аҳоли номидан талаб ва таклифларни илгари сурадиган асосий буюртмачига айланмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш вазифасининг белгиланиши давлат бошқарувининг инсонга янада яқинлашишини таъминлашга хизмат қилади.
— Маҳалла давлат ва халқ ўртасидаги ишонч, мулоқот ва ҳамкорликнинг энг яқин майдони бўлиши лозим, — деди қўмита раиси ўринбосари Абдулло Аслонов. — Олтинчи миллий дастурда белгиланган вазифалар қўмитамиз зиммасига ҳам масъулиятли вазифаларни юклайди. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун ва шу каби соҳага оид бошқа қонунларни таҳлил қилиш, парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда маҳалла тизимидаги муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратишимиз лозим. Айниқса, маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш ғояси аҳолининг кундалик эҳтиёж ва муаммоларини бевосита инобатга олиш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. Биз, депутатлар Президентимиз нутқида илгари сурилган ғояларни кенг жамоатчиликка, сайловчиларга тўғри ва тушунарли етказишимиз лозим бўлади.
Муҳокамаларда Жамоатчилик кенгаши аъзолари бўлган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Болалар Омбудсмани, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари ҳамда ННТлар вакиллари олтинчи миллий дастурда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Якунда маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга қаратилган олтинчи миллий дастур доирасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланиб, маҳалла институтини янада ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ва институционал асосларини янада такомиллаштириш, давлат органлари, маҳалла ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА