Маҳаллаларда микромарказлар ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳаллаларда юридик шахс мақомига эга саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказлари ташкил этилади.
Микромарказлар маҳаллалар ёки маҳаллаларнинг туташ ҳудудларида бўш турган давлат мулки объектлари негизида ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер майдонларида ташкил этилади.
Ҳар бир микромарказ майдони давлат мулки объектининг 150 квадрат метридан ёки ер участкасининг 0,1 гектаридан ошмаслиги лозим. Давлат мулки объекти ёки ер участкаси майдони белгиланган микдордан ошганда, бир ҳудудда бир нечта микромарказлардан иборат микромарказлар комплекси ташкил қилиниши мумкин.
Микромарказлар заруратга қараб ҳар бир маҳалла учун алоҳида ёки бир нечта маҳаллалар учун аҳолига қулай бўлган жойларда ташкил қилинади.
Микромарказларни ташкил қилиш давлат мулки объектлари ва ер участкаларини белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорларга ижара ҳуқуқи асосида бериш йўли билан амалга оширилади.
Микромарказларни ташкил қилиш учун давлат мулки объектлари ва ер участкалари қуйидаги шартлар асосида тадбиркорларга 5 йил муддатга ижарага берилади:
ўз маблағлари ҳисобидан давлат мулки объектини реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ёхуд ер участкасида бино-иншоотларни қуриш;
давлат мулки объекти ва ер участкасида тасдиқланган намунага мувофик, микромарказ ташкил этиш ҳамда ижара муддати мобайнида белгиланган фаолиятни амалга ошириш;
ташкил этилган микромарказда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик фаолият йуналишлари бўйича камида 10 та ёки чорвачилик йуналиши бўйича камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлаб бориш;
давлат мулки объекти ёки ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги шартнома имзоланган кундан бошлаб 6 ой мобайнида микромарказни ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилмаганлиги ёки ижара муддати мобайнида шартнома шартлари бажарилмаганлиги давлат томонидан шартноманинг бир томонлама бекор қилинишига асос бўлади.
Шартнома шартлари бажарилмаганлиги сабабли келишув бекор қилинганда, тадбиркорнинг реконструкция, капитал таъмирлаш ва қурилиш харажатлари қопланмайди ҳамда тегишли объект ёки ер участкаси белгиланган тартибда қайта электрон онлайн-аукционга чикқарилади.
ЎзА