Маҳаллага раис бўлиш осон эмас (+видео)
“Маҳаллага ўз “дарди”ни айтиб келувчилар жуда кўп. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам одамларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз”.
Бу Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Ворсин маҳалласи раиси Манзура Исломованинг сўзлари.
Манзура Исломова 30 йил педагогика соҳасида ишлаб, нафақага чиққач ўзи туғилиб ўсган Ворсин маҳалласида раис сифатида иш бошлади. Мазкур маҳаллада 3 минг 241 нафар аҳоли яшайди.
—Маҳаллада ишлашнинг ўзига яраша гашти ҳам бор, — дейди Манзура опа. — Эрталаб 6 яримларда йўлга тушаман. Маҳалла биноси билан уйимиз ораси 500-600 метр атрофида. Ишхонага етгунимча йўлдан чиққан аҳоли билан суҳбатлашиб, соғлиғи, камчимликлари ҳақида сўраб билиб оламан. Муаммолари бўлса, ечишга ҳаракат қиламан, хурсандчиликларига шерик бўламан. Айрим тоифа одамлар бор, маҳаллага келиб фақат талаб қилишни ўрганиб олишган. Ўзи ҳеч қаерда ишламайди. Иш топиб бераман, ишла десангиз, турли баҳона қилишади, боқимандага айланиб қолган. Имкон қадар уларни ҳам иш билан таъминлашга ҳаракат қиламиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/o0u2xT4Oo1Q" title="Mahallaga rais boʻlish oson emas" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Манзура опа ҳар қандай вазиятда ҳам одамлар ундан хафа бўлиб кетишларига йўл қўймайди. Бу борада унга педагог бўлгани қўл келади. Кимнинг хонадонига кириб борса, муаллима деб ҳурмат қилишади.
—Маҳалла раислигини бўйнингизга олдингизми, демак ўша маҳалла сизнинг оилангиз. Кимдир синглингиз, кимдир акангиз ёки фарзандингизга айланади, — дейди Манзура опа биз билан суҳбатда. — Маҳаллада деярли ишсиз одамнинг ўзи йўқ. Ҳар бир уйда ҳеч бўлмаганда битта автомашина хонадонга хизмат қилади. Аёллар кўпроқ тикувчилик, зардўзлик билан банд бўлгани сабабли субсидия асосида тикув машиналари, эркакларга рўзғорини тебратиши учун мотокультиватор олиб берилган.
Хонадонларимизни тоза ичимлик суви билан таъминлаб, кўчаларимизни асфальт қилдик. Ўтган йили ҳомийлар ёрдамида “Ворсин” қабристонини обод қилдик. Ҳали яна амалга оширишимиз керак бўлган режаларимиз бисёр.
Н.Раҳмонова, ЎзА