Маҳалладаги раҳбар хотин-қизлар фаолияти ўрганилди
Пойтахтимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида маҳаллалардаги раҳбар хотин-қизлар учун ўқув семинари бўлиб ўтди.
Юртимизда “Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида ташкил этилган семинарда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ҳамда тегишли бошқарма ва ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, илғор тажрибалар ва мавжуд муаммолар юзасидан маърузалар билан қатнашди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида раҳбар хотин-қизларга юклатилган вазифалар, жумладан, хотин-қизларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, оилавий муаммолар профилактикаси ҳамда уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда қайд этилганидек, маҳаллада фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходим фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда маҳаллани ҳар томонлама ривожлантиради.

“Маҳалла еттилиги» томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва янгиликларни оилаларга етказиш чораларини кўради.
Семинар давомида маҳалла хотин-қизлар фаолларининг касбий салоҳиятини янада ошириш, ҳудудларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш ҳамда тажриба алмашиш бўйича тавсиялар берилди.
Г.Бобоева, ЎзА