Маҳаллада сумалак тайёрланди
Гулистон туманининг чекка қишлоқларидан бири Қўйботган деб номланади. Айтишларича, бир пайтлар бу қишлоқнинг бир қисми ботқоқлик бўлганлиги сабабли, бу ҳудудга қўй-моли кириб қолганлар, умидини узиб орқасига қайтиб кетган экан.
Халқ тилида Қўйботган бўлиб ном қозонган қишлоқ – Шарқ ҳақиқати маҳалласида бугун баҳорнинг нафаси сезилмоқда. Томорқадаги дарахтларга шакл берилиб, полизларга жўяклар ҳозирланаётган қишлоқда фаол хотин-қизлар жам бўлиб, маҳалла сумалагини пиширишди. Йигитлар уларнинг ҳашарларига кўмаклашиб, ош дамлашди.
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг тўртинчи –адолатли ижтимоий сиёсат юритиш инсон капиталини ривожлантириш йўналишида “Сен азиз ва муқаддассан, аёл” шиори остида маҳаллалардаги ижтимоий фаол аёллар ўртасида 10 та йўналиш бўйича танлов эълон қилинган эди.
[gallery-15989]
–“Шарқ ҳақиқати” хотин-қизлари фидоий меҳнаткаш, фаол, десам, яна ўзининг ҳамқишлоқларини мақтаяпти, деманг, – дейди маҳалла хотин-қизлари фаоли Феруза Нормаматова. – Аслида ҳам шундай, ишлайдигани ҳам, уй бекалари ҳам аввал рўзғор юмушларини бадастир қилиб, ҳовли-бошини жой-жойига қўяди. Қишлоқ аёлларига хос ишчанлик, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат ёшларимизга ҳам фазилат сифатида ўтиб келмоқда.
Маҳалла ҳовлиси тўйхонага айланди гўё. Бир кун аввал “дам” ташланган сумалак меҳмонларга мунтазир, дошқозондаги ошнинг ҳиди иштаҳани қитиқлайди. Қўшни келин ошган хамирни маҳалла ҳовлисидаги тандирда ёпиб, қирмизи нонларни саватга солиб келтирди. Нонга куви ёғи солиниб, келганларнинг оғзи тегди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари Наргиза Тожибоева, вилоят божхона бошқармаси ходими, подполковник Санобар Абдураззоқова “Сен азиз ва муқаддассан, аёл” танлови иштирокчиларини табриклаб, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалаларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавияти билан ибрат бўлаётган ғолиб номзодларга, шунингдек, маҳалланинг фаол аёлларига туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири