Маҳаллада нега жиноят кўпайди?
Каттақўрғон шаҳридаги Оқ олтин маҳалласида 802 та хонадонда 4552 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги кўп муаммоларга ечим топилган. Ички йўллар ва пиёдалар йўлаклари, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоқлари янгидан таъмирланган. Маҳаллада файз бор, ободлик, орасталик бор.
Маҳалла биноси ҳам янгидан қурилган.
Хуллас, маҳалла ҳавас қилгудек. Бироқ, маҳаллада 2021 йилнинг 11 ойи давомида 6 та жиноят содир этилган. Яъни, 1 та фирибгарлик, 1 та ўғрилик, 1 та тан жароҳати етказиш ва 3 та гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят юзага келган.

Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т. Файзиев маҳаллада аҳоли вакиллари билан учрашиб, бу ҳолатнинг сабаб ва оқибатларини муҳокама қилди.
- Ҳар бир ҳуқуқбузарлик, ҳар бир жиноят жамиятимиз учун доғ, - деди О.Ҳайитов. - Маҳалла катта бир оила эканлигини инобатга олсак, бу ҳаммани бирдек ташвишга солиши керак. Маҳалланинг кўзи, юзи ва виждони бўлган фаоллар, нуронийлар, кайвонилар бу масалага жиддий эътибор қаратиши, аҳоли билан суҳбатлар ўтказишлари лозим.

Тадбир давомида вилоят судлари раислари сайёр қабул ўтказиб, фуқароларнинг муаммоларини тинглади. 30 яқин фуқаро вилоят судлари раисларига ерга оид, шартномавий муносабатлар, кредит билан боғлиқ низолар, шунингдек, юритилаётган жиноят ишлари бўйича ҳамда жазодан озод қилиш масалаларида мурожаат қилди. Уларнинг ҳар бири бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилди.
Шу ерда жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Сайёр судда содир қилган жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган 21 нафар шахс жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинди. Албатта, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиб, шахснинг қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги, жазодан тегишли хулоса чиқарганлиги эътиборга олинди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА