Маҳаллада бирорта ҳам ишсиз қолмайди
Андижон вилояти Олтинкўл тумани Ижтимоият маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунда Ижтимоият маҳалласининг Ҳурзамон, Бирдамлик, Мебелсозлар, Муҳандислар ва Роҳатбахш кўчаларидаги 543 та хонадонда 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллани ривожлантиришнинг асосий драйвери мебелсозлик ва иссиқхона йўналишлари ҳисобланади. Ҳудудида 1 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 3 та уй боғча, 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти, кўплаб ҳунармандлар фаолият олиб бормоқда.
– Фаолиятимда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпман, – дейди маҳаллада иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Гулдона Қурбонова. – Ўтган йили маҳалламиз ҳудудида 287 нафар ишсиз фуқаро қайд этилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг 282 нафарининг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида 15 нафар фуқаро турли касб-ҳунарларга ўқитилди. Умуман, жорий йилнинг охирига қадар маҳаллада бирорта ҳам ишсиз киши қолмайди.
Таъкидлаш керакки, туман ҳокимлиги, маҳалладаги “бешлик”нинг ҳамкорликдаги самарали фаолияти натижасида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилди. Жумладан, ўз хонадаонида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, иссиқхона ташкил этган 124 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинди, 158 нафар кишига деҳқончилик қилиш учун ижарага ер ажратилди, 5 нафар киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллада конвейр усулида мебель маҳсулотлари тайёрлаш ишлари жуда яхши йўлга қўйилган. Қарийб 400 хонадон ана шу иш билан шуғулланади. Кимдир стол-стул ва бошқа мебель жиҳозларининг турли қисмларини тайёрлаб беради, кимдир йиғади, яна кимдир унга ишлов, жиҳоз беради. Шу тариқа мебель маҳсулотлари тайёрланиб, харидорларга етказиб берилади.
[gallery-14817]
Маҳаллада тайёрланаётган мебеллар нафақат Андижон бозорларида сотилади, балки Наманган, Фарғона, Жиззах вилоятларидаги савдо ташкилотларига етказиб берилади, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларига экспорт қилинади.
–Авваллари Россияга ишлагани борар эдим, – дейди маҳалланинг Ҳурзамон кўчасида яшовчи Ботиржон Ашуров. – Икки йил аввал ўғлим иккаламиз мебелчилик ишларини ўргандик. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида кредит олиб, зарур дастгоҳ сотиб олдик. Ҳозир бутун оиламиз билан шу иш билан шуғулланамиз. Стулнинг маълум қисмларини ўзимиз тайёрлаймиз, яна қайсидир қисмларини бошқалардан олиб, йиғамиз. Тайёр бўлган стулни ишлов ва жиҳоз бериш учун бошқа бир маҳалладошимизга берамиз. Бир ойда 30-40 дона стул йиғамиз. Шу иш ортидан даромад топамиз.
– Хонадонимда мебель цехи ташкил этиб, иш бошлаганимизга ўн йилдан ортди, – дейди тадбиркор Азизбек Абдувалиев. – Бир неча турдаги стол-стуллар, хонтахта тайёрлаймиз. Ҳукуматимизга раҳмат, биз каби ҳунармандларнинг самарали иш юритиши учун зарур барча шароит яратиб берилмоқда. Банкдан олинган кредит ҳисобига зарур ускуна ва дастгоҳлар сотиб олганмиз. Тайёр маҳсулотларимизни асосан Наманган, Фарғона ва жиззахлик буюртмачилар олиб кетади. Шу иш ортидан даромад топиш билан бирга, ҳунар ўрганиш истагидаги маҳалладошларимизга, айниқса, ёшларга мебелсозлик ҳунарини ўргатиб келяпман. Бугунги кунда кўплаб шогирдларим мустақил равишда фаолият олиб боради.
Маҳалладаги мебель тайёрлаш билан шуғулланаётган хонадонларда ишлаётган ишчилар ўртача 2-2,5 миллион сўмдан ойлик иш хақи олади, уларга бепул тушлик қилиб берилади. Бундан ташқари, мебель тайёрлашга қизиқувчи мактаб ўқувчилари дарсдан бўш пайтларида шу иш билан шуғулланиб, мебелсозлик ҳунарини ўрганиб келаётгани қувонарлидир. Умуман, маҳаллада “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганиш ишлари намунали йўлга қўйилган.
Биргина жорий йилнинг ўзида маҳалладаги хонадонларда учта янги иссиқхона барпо этилиб, маҳалладаги иссиқхоналар сони 200 га яқинлашди. Иссиқхоналарда бодринг, помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон сингари маҳсулотлар ва гул кўчатлари етиштирилади. Миришкор деҳқонлар йилнинг тўрт фаслида бозорни юқоридаги каби сифатли ва сервитамин маҳсулотлар ҳамда зиравор кўкатлар билан тўлдириб келади
Маҳалланинг Ҳурзамон кўчасида яшовчи Қорияхон опа ва Тўхтасин ака Мамасолиевлар хонадонида мебелчилик билан бирга, 9 сотих майдонда иссиқхона барпо этилган.
–Фарзанд ва набираларим алоҳида устахонада мебелчилик билан шуғулланади, – дейди Қорияхон опа Мамасолиева. –Мен келинларим, қиз набираларим билан иссиқхонага қараймиз. Иссиқхонадан йилига камида икки марта ҳосил олинади. Мана, ҳозир ҳам иссиқхонада етиштирилган бодрингни Олтинкўл ва Андижон бозорларига етказиб беряпмиз. Бу иш ортидан яхшигина даромад топяпмиз. Яратганга шукр, ҳунармандчилик, деҳқончилигимиз ортидан янги-янги уйлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз, набираларимизни олий ўқув юртларида ўқитяпмиз. Умуман, маҳалламиз тумандаги энг обод, файзли, ахил ва тинч маҳаллалардан бири ҳисобланади. Уруш-жанжалли, низоли оилалар, бекорчи одамнинг ўзи йўқ, ҳамма ўз иши билан банд.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 55 та лойиҳа учун 906 миллион сўм кредит ҳамда 4 нафар фуқарога 45 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратилди. Бунинг натижасида маҳаллада 2 та юридик ва 23 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
–Мен келиним, шогирдларим билан ўз хонадонимизда кўрпа-тўшак, пардалар тайёрлаймиз, – дейди маҳалланинг Мебелсозлар кўчасида яшовчи Буойша Ортиқова. – Келинимга субсидия асосида иккита замонавий тикув машинаси берилгани ишимизни янада ривожлантиришга имкон берди. Маҳсулотларимизни асосан буртма асосида тайёрлаймиз. Тикаётган кўрпа-тўшак ва пардаларнинг сифатига алоҳида эътибор берамиз. Шу боис, маҳсулотларимиз анча харидоргир.
Умуман, мазкур маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган, деҳқончилик қилиб, ўз даромадини ошириш истагидаги 158 нафар фуқарога 10-15 сотихдан ер берилган. Берилган ерларга турли экинлар экилиб, мўл ҳосил олинмоқда.
– Ажратиб берилган 15 сотих ерга дастлаб картошка экдик,– дейди маҳалланинг Роҳатбахш кўчасида яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган Муҳайёхон Ботирова. – Юқори ҳосил олиб, оиламиз эҳтиёжидан ортиқ картошкани сотиб, қўшимча даромад қилдик. Картошкадан бўшаган ерга маккажўхори экиб, ундан ҳам мўл ҳосил олдик.
Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, кўча ва хонадонларни ободонлаштириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўча ва хонадонларга 7,5 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Бундан ташқари, 4,4 километр узунликда электр симлари янгиланди, 94 дона бетон таянч устун ўрнатилди. Шунингдек, мавжуд 17,4 километр ички йўл ва пиёдалар йўлакчасининг асосий қисмига асфальт ва цемент-бетон қопламаси ётқизилди, 2,1 километр оқова сув тармоғи тортилиб, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиши 90 фоизга етказилди.
Бугунги кунда аҳолининг 85 фоизига табиий, 15 фоизига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Шу кунларда қарийб 1 километр узунликдаги Ҳурзамон кўчасининг икки четига узум сўртоклари барпо этилмоқда.
– Кейинги икки йил ичида маҳалламиз қиёфаси тубдан ўзгарди, – дейди меҳнат фахрийси Худойберди ота Деҳқонов. – Кўчаларимизга тўлиқ шағал тўкилди, маълум қисмига асфальт ётқизилди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларни ободонлаштириш, одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар бизни беҳад қувонтирмоқда.
Ана шу хайрли ишларни амалга оширишда маҳалладаги “бешлик”, яъни маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторининг ҳамкор ва ҳамжиҳатлиги, самарали фаолияти алоҳида эътирофга муносиб.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/6oE7EVrJfLE" title="Маҳаллада бирорта ҳам ишсиз қолмайди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари