“Маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Маҳаллабай” ва “Маҳалла еттилиги” тизими жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда ўз самарасини бермоқда.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳудудий бўлимлари ҳам суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда ушбу тизимда иш олиб бормоқда. Шу аснода Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида биргина алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан жами 47,8 миллиард сўм ундирилган.
Шунингдек, олиб борилган профилактик суҳбат ва тушунтириш ишлари давомида қарздорлар томонидан олдиндан тўлов сифатида (бола 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган давр учун) умумий ҳисобда 2 миллиард сўмлик мол-мулк ва пул маблағи, шу жумладан, 476 миллиард сўм нақд пул, 6 та 1,5 миллиард сўмлик кўчмас мулк фарзандларнинг таъминоти учун топширилди.

Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2021 йил 29 июлдаги ижро ҳужжатига асосан ундирувчи Г.М.нинг фойдасига тарбиясидаги бир нафар фарзандининг таъминоти учун қарздор Ў.М.дан ҳар ойдаги жами даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Элликқалъа туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва бўлим давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Жорий йилнинг 3 июль куни бўлим давлат ижрочиси томонидан Элликқалъа тумани Пахтачи маҳалла фуқаролар йиғинида суд қарорлари ижроси ўз вақтида таъминланиши лозимлиги, ижрони бажармаслик оқибатлари ҳақида қарздорларга маҳалла раиси билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунинг натижасида қарздор Ў.М. ўзидан ундирилиши лозим бўлган алимент пулларини фарзанди вояга етгунга қадар олдиндан тўлаш истагини билдирган ва ҳисоблаб чиқилган 80 миллион сўм алимент пулини шу куннинг ўзида тўлаб берган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири