Маҳалла ёшлари ер билан тиллашмоқда
Қарор ва ижро
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам “Маҳалла еттилиги” таклифи билан ҳар бир туман бўйича ажратиладиган ер контурлари белгиланиб, деҳқончилик қилиш истагида бўлган ёшлар рўйхати шакллантирилди.


Мазкур саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига асосан амалга оширилмоқда. Унга кўра, 2024 йили ҳудуд бўйича янги ўзлаштириладиган ва қайта фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари йигирма минг гектарни ташкил этади.


Айни кунларда ёшларга серунум далалардан ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Жумладан, Оққўрғон тумани Ҳамид Олимжон, Бўка тумани “Ачамайли”, Бекобод тумани “Қорақўйли” маҳаллаларидаги ёшларга деҳқон хўжалигини юритиш учун ер майдонлари ажратилди. Жараёнда агрономлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уни парваришлашдаги муҳим жиҳатлар, агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб бориш юзасидан ҳам маълумот берилди.

Шунингдек, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ушбу маҳаллаларни аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш ва ёшларни лидер тадбиркорларга бириктириш белгилаб олинди. Бу борадаги ишлар бошқа жойларда ҳам белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.