Маҳалла ходимлари дона сурди
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими томонидан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича Навоий вилояти очиқ биринчилиги ўтказилди.
2020 йил 30 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда ҳам кўплаб спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими ўринбосари − Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Азамат Ўроқов, Фонднинг вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев сўзга чиқиб, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, айни вақтда, мамлакатимизда жисмоний жиҳатдан етук, соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги туб ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинаётганлигини таъкидлади.
Айни пайтда вилоятда аҳоли, қолаверса ишчи-ходимларнинг маданий ва маънавий хордиқ чиқаришлари ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни спорт билан шуғулланишларига кенг шароитлар яратиш, спорт-соғломлаштириш тадбирлари орқали саломатлигини тиклашга кўмаклашиш, турли хил касб касалликларини олдини олиш, меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор спорт мусобақалари ташкил қилинмоқда.
Навоий шаҳридаги “Нуронийлар маскани”да маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳамкор ташкилотлар ходимларидан иборат 12 та жамоа иштирок этган мусобақани шахмат бўйича халқаро тоифадаги ҳакам Абдураим Бухоров бошқариб борди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими жамоаси 1-, Навоий вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси жамоаси 2- ва Хатирчи тумани маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
Ғолиблар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими томонидан Кубок, “Диплом” ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА