“Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари қандай мақсадларга сарфланган?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Саломов фонднинг 2023 йил биринчи ярмидаги фаолияти хусусидаги маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 ойи давомида фонд маблағлари ҳисобидан қарийб 6 минг фуқарога 5 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам берилган. Хусусан, 545 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга 2,5 миллиард сўмга яқин, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга эса 1 миллиард 300 миллион сўмдан зиёд хайрия ёрдамлари кўрсатилган.
700 нафар кам таъминланган оилага 900 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилган. Бундан ташқари, 22 нафар чин етимнинг олий ўқув юртларига ўқишлари учун шартнома пуллари тўлаб берилган. 118 нафар якка-ёлғиз кексалар ҳамда 409 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳолидан хабар олинган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ўтган ярим йилда табиий офатдан жабр кўрган фуқароларимиз ва қатағон қурбони бўлган улуғ аждодларимизнинг эҳтиёжманд авлодларига ҳам беминнат хайрия ёрдамлари кўрсатилган.
Ёш авлодни маънан етук ва баркамол қилиб тарбиялашда театрнинг аҳамияти ғоятда катта. Шу боис фонд мактаб ўқувчиларини театрларга жалб этишга алоҳида эътибор қаратди. Ўтган 6 ой мобайнида 345 минг мактаб ўқувчиларининг театрларга ташрифлари амалга оширилди. Бунинг учун эса салкам 3 миллиард сўм йўналтирилди.
Эҳтиёжманд оила фарзандларининг оромгоҳларда дам олишларини ташкил этиш мақсадида 218 нафар кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун фонд маблағлари ҳисобидан 311 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА