Маҳалла учун янги бино қурилди
Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги “Қурувчи” маҳалласининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Бино давлат хусусий шерикчилик асосида “Meramax DREАM” МЧЖ томонидан 1 миллиард сўм эвазига бунёд этилди.

Маҳаллада 2138 оилада 7748 нафар киши яшайди. Шу кунга қадар маҳалла ётоқхона биносида жойлашган эди. Янги бинода эса маҳалла ходимларининг самарали фаолият юритишлари учун барча шароитлар яратилган. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви ва шаҳар бўлинмаси томонидан компьютер жамланмаси ҳамда маиший жиҳозлар олиб берилди.

– Жорий йилнинг ўзида шаҳардаги бешта маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер, битта маҳаллага эса мебель жиҳозлари олиб берилди. Бундан кўзланган мақсад маҳаллаларда ишлайдиган ходимларга муносиб шароит яратиб беришга кўмаклашишдир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Зарафшон шаҳар бўлинмаси раиси Дилшод Ҳусенов.
А.Бўриев, ЎзА