Маҳалла – тарбия ва ҳамжиҳатлик маскани
Маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича Бухоро вилоят кенгашининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш кун тартибидаги биринчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган устувор вазифалар тўғрисида вилоят ҳокими, вилоят маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси Ботир Зарипов маъруза қилди.
Ўтган йил 26 сентябрда маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш, маҳалла “еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўтказган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
[gallery-15485]
Маҳалла шунчаки жамият бошқарувининг қуйи тизими бўлибгина қолмай, асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб келаётган халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани ҳамдир.
Шу боис, кейинги йилларда маҳалла институти миллий давлатчилигимизнинг муҳим бўғинларидан бири сифатида шаклланди.
Бу даврда соҳа ривожига доир 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани, ҳар бир йўналиш ривожида “маҳаллабай ишлаш” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилганини алоҳида қайд этиш лозим.
Бунинг натижасида маҳаллаларда фуқаролар йиғини раисига қанот бўлувчи ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва бошқа масъуллардан иборат “еттилик” таркиби шакллантирилди. Ҳар бир маҳаллада профилактика инспектори фаолияти йўлга қўйилди.
Йиғилишда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис конференциясида Бухоро вилоятидан иштирок этадиган делегатлар сайланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари