Маҳалла раислигига энг муносиб номзодлар сайланади
Бухорода Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асосларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси томонидан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси масъуллари, шаҳар ва туманлар комиссиялари, ишчи гуруҳ раислари, маҳаллий Кенгашларнинг котибият мудирлари, ҳокимликларнинг ташкилий-кадрлар гуруҳлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинарни Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раисининг ўринбосари Тўлқин Очилов олиб борди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, Бухоро вилоятининг барча маҳалла фуқаролар йиғини – ўзини ўзи бошқариш органида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказиш белгиланди. Шунингдек, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонунга асосан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, шунингдек, шаҳар ва туманлар комиссиялари ҳамда фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳар бир маҳаллада Ишчи гуруҳ тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори билан тасдиқланган тадбирлар режасида сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, шунингдек, шаҳар ва туманлар комиссиялари ҳамда Ишчи гуруҳлари учун амалий семинарлар ташкил этиш белгиланган.
– Сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари муҳокама қилиниши баробарида, аввалги йилларда бўлиб ўтган сайловларда йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди, – дейди вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи, вилоят комиссияси котиби Аҳрор Ғуломов. – Асосий мақсад, вилоятдаги 544 та фуқаролар йиғини раислигига (оқсоқоли) энг муносиб номзодларни сайлашдир.
Тадбирда иштирокчилар сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Зариф Комилов, ЎзА