Маҳалла ўз номига муносиб масканга айланади
Гулистон шаҳридаги Баҳор маҳалласида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонларини жорий этиш бўйича амалий ҳаракатлар бошланди.
Куни кеча маҳаллада Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, вилоят ва шаҳар секторлари раҳбарлари, ташкилотлар, корхоналар масъуллари, маҳалладаги “еттилик” ҳамда фаоллар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Аҳолининг таклиф ва ташаббуслари тингланди.



– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан айни кунга қадар вилоятимиздаги 6 та маҳаллада "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонлари асосида катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Мақсадимиз қисқа муддатда ички имкониятлар ҳисобидан Баҳор маҳалласини ҳам ҳар жабҳада энг намунавий ҳудудга айлантириш, – деди вилоят ҳокими. –Айрим ҳудудлар аҳолиси "бизни маҳалламиз қачон обод бўлади?", деган саволни беради. Тегирмон навбати билан деганларидек, ушбу тажриба вилоятнинг барча шароити оғир маҳаллаларида босқичма-босқич жорий этилади.


Баҳор маҳалласида 800 дан зиёд хонадон мавжуд бўлиб, айни вақтда уларнинг ҳар бири масъуллар томонидан ўрганилмоқда. Шу асосда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича “Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади.
Ш.Суяров,Ш.Ортиқбоев(сурат),
ЎзА мухбирлари