Маҳалла муаммолари депутат эътиборида
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу гал Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ва жойлардаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова Сирдарё вилоятида бир қатор маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий масалаларни ўрганди ва аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди.
Ховос туманидаги “Қаҳрамон” ва “Қайирма”, Гулистон шаҳридаги “Ободлик” ва “Баҳор”, Мирзаобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” маҳаллаларидаги учрашувларда аҳоли турмушини қийнаётган масалалар, инфратузилмавий камчиликлар ва бандлик масалалари муҳокама қилинди. Депутат шунингдек, жамоат хавфсизлиги ва профилактика ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, депутат Президент раислигида бўлган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларни жойларда тушунтирди ва жамоат хавфсизлиги ҳамда профилактика ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва томорқалардан самарали фойдаланиш орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш билан ҳам танишилди. Ховос тумани Қайирма маҳалласида аҳолининг мурожаат ва таклифлари тингланди, шулар орасида 90 ёшли Шафоат Зафарова билан мулоқот ҳам бўлди.

Ўрганишлар давомида қатор инфратузилмавий муаммолар аниқланди. Хусусан, Ховос–Ширин автомобиль йўли таъмирталаб, “Элиса” тикувчилик корхонасига алоҳида бинолар керак, Мирзаобод туманидаги фабрикада электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда ва “Янги Ўзбекистон” маҳалласида қўшимча мактаб ва боғча бинолари талаб этилади.
Аниқланган масалалар бўйича тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборилди ва уларни бартараф этиш чоралари ишлаб чиқилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири