Маҳалла инфратузилмаси ривожланмоқда
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Пискент туманидаги бир қатор маҳаллаларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янги лойиҳалар билан танишди.
Дастлабки манзил “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ҳудуд оғир тоифа рўйхатига киритилган бўлиб, аҳоли учун қулай инфратузилмавий шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Шунингдек, ҳоким янгидан қуриб битказилган маҳалла биносини кўздан кечириб, фуқароларга хизмат кўрсатиш учун яратилган замонавий қулайликлар билан танишди.

Шундан сўнг, Бирлик маҳалласида жойлашган тадбиркорлик тузилмаси фаолияти ўрганилди. Томчилатиб суғориш тизими бўйича барпо этилган дала майдонида салат барги етиштирилмоқда. Маҳсулотлар асосан Россия Федерациясига экспорт қилинади. Вилоят ҳокими бу каби лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаб, хўжаликдаги иш жараёнини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берди.

Вилоят раҳбари Тошкент магистрал канали бўйида амалга оширилаётган “Соҳил бўйи” лойиҳаси доирасида барпо этилаётган савдо ва кўнгилочар маскан қурилишини кўздан кечираркан, лойиҳадаги айрим камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Ушбу ҳудудда аҳоли дам олиши учун қулай, замонавий ва экологик талабларга жавоб берадиган инфратузилмани яратиш зарурлигини қайд этди.

Бундан ташқари, Ойбек маҳалласидаги 8,7 гектар собиқ пахта тозалаш корхонаси майдонидан самарали фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва лойиҳалар муҳокама қилинди. Навоий маҳалласида янги ташкил этилган “Нуронийлар маскани” фаолияти билан ҳам ўрганишлардан четда қолмади.
Мўминобод маҳалласида эса ёшлар истироҳат боғини ободонлаштириш ва замонавий дам олиш маскани ташкил этишга оид режалар кўриб чиқилди. Ҳоким мазкур ҳудудда аҳоли учун маданий ва оилавий ҳордиқ чиқариш имкониятларини яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Мингтепа маҳалласида ҳам узумчиликни ривожлантириш ва янги плантациялар барпо қилиш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Хусусан, хитойлик инвесторлар томонидан ташкил этилган замонавий йиғма конструкцияли иншоотда пилла қурти парваришлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими корхона фаолияти билан танишиб, мазкур йўналишда маҳаллий хомашё базасини кенгайтириш ва иш ўринларини яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
А.Мусаев, ЎзА