“Маҳалла еттилиги” – халқчил тизим
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда маҳалла институти муҳим ўрин тутади. Маҳалла раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқ инспекторидан иборат “маҳалла еттилиги” бугун том маънода фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда халқчил тизимга айланиб улгурди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида “маҳалла еттилиги” тизимининг янада самарали ишлашини ташкил қилиш мақсадида қатор вазифалар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Сурхондарё вилоят филиали томонидан ўтказилган “маҳалла еттилиги”ни ўқитиш бўйича ўқув семинарда шулар ҳақида сўз юритилди. Ўқув дастурига киритилган масалаларнинг долзарблилиги ва ушбу талабларга бугун ҳар бир маҳаллада фаолият юритаётган халқ хизматчилари жавоб бера олиши лозимлигига эътибор қаратилди.

Термиз туманида бўлиб ўтган ўқув семинарида ҳудуддаги 30 та МФЙнинг “еттилик”лари қамраб олинди. Семинар дастуридан маҳалла раислари фаолияти, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ишлари, оила ва хотин-қизлар, ички ишлар, ижтимоий ҳимоя, солиқ, маънавият ва маърифат, адлия йўналишларида ҳар бир масъулнинг ваколат, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавзулари ўрин олган.
[gallery-16034]
Маълумот учун. Сурхондарё вилояти бўйича 31 январдан 24 февралга қадар 15 та ҳудудда айни йўналишда ўқув семинари ўтказиш ва малакали тренерлар томонидан 724 МФЙдаги “маҳалла еттилиги”га кирувчи масъулларни ўқитиш кўзда тутилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА