Маҳалла аёлларининг жисмоний имконияти синовдан ўтказилди
Хоразм вилоят спорт бошқармаси ташаббуси билан маҳаллаларда истиқомат қилувчи хотин-қизлар учун ҳар куни эрталаб бадантарбия машғулотлари ҳамда спорт мусобақалари мунтазам ташкил этилмоқда.
Хусусан, Урганч туманидаги Киллавут маҳалласида 30-70 ёш ва ундан юқори ёшдаги аёллар ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ихтиёрий ва махсус талаблар асосида ўтказилди.

– Мазкур ташаббус аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда уларни мунтазам равишда спорт билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган, – дейди Хоразм вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодира Жуманиёзова. – Машғулотларда ўзим ҳам ҳар куни жойларга чиқиб, бирга қатнашаман. Бу машқларда маҳалла хотин-қизлари фаол иштирок этиб, кунни тетик ва кўтаринки кайфиятда бошламоқдалар.

Спорт синовлари иштирокчиларга ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чидамлилиги ва эпчиллигини амалий синовдан ўтказиш имконини берди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА