Маҳалла аҳли учун байрамона совға
Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан Олтиариқ туманида ҳам бир қатор ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Жумладан, "Чордара" маҳалласидаги тиббиёт муассасасининг янгиланган биноси маҳалла аҳолиси учун байрамона совға бўлди.
Мазкур қишлоқ врачлик пункти бир неча йиллардан бери анчагина таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди. Ҳудуддаги 2,5 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатадиган қишлоқ врачлик пунктида реконструкция ишлари олиб борилди. Бинонинг ички ва ташқи томони бутунлай янги қиёфага эга бўлди.

Қишлоқ врачлик пунктининг янгиланган биносини фойдаланишга топшириш жараёнида туман ҳокими Шамсиддин Турдалиев, сектор раҳбарлари, тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этиб, муассаса ва ундаги яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Туман раҳбари маҳалла аҳолиси ва тиббиёт ходимларига юзланар экан, сўнгги йилларда юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб, ушбу маскан ҳам аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар маҳсули эканини таъкидлади.

Шунингдек, туман ҳокими барчани истиқлол айёми билан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик тилади ва ҚВПнинг реконструкция ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ маҳалла фаолларига эсдалик совғаларини топширди.
Хушовоз хонандалар томонидан куйланган мустақилликни, тинчликни мадҳ этувчи тароналар маҳалла аҳлига янада кўтаринки кайфият улашди.
Шоҳсултон Тўхтаматов