"MAHA-2026": Малайзияда Ўзбекистон маҳсулотларига катта қизиқиш билдирилди
Малайзиянинг Селангор штатида ўтказилаётган “Malaysia Agriculture, Horticulture and Agrotourism” (MAHA) халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида Ўзбекистон илк бор иштирок этмоқда.
Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган мазкур нуфузли кўргазма бу йил 130 гектар майдонда ташкил этилган бўлиб, унда 2 мингдан ортиқ компания ва 14 та хорижий давлат иштирок этмоқда. Кўргазмага 5 миллиондан ортиқ ташриф буюрувчи келиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг миллий павильонида 15 та маҳаллий тадбиркор томонидан 100 га яқин турдаги маҳсулотлар, жумладан, ҳўл ва қуритилган мевалар, консерва ва шарбат маҳсулотлари, миллий ширинликлар, минерал ўғитлар ҳамда ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилмоқда.
Малайзия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Моҳамад Сабу ҳамда бошқа расмийлар Ўзбекистон павильонига ташриф буюриб, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, хилма-хиллиги ва экспорт салоҳиятига юқори баҳо берди. Кўргазма доирасида Ўзбекистон делегацияси Малайзиянинг давлат ташкилотлари, йирик компаниялари, инвесторлар ва тадбиркорлари билан икки томонлама учрашувлар ҳамда B2B музокаралар ўтказмоқда.

Хусусан, Малайзия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлиги раҳбарияти билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, вазирликнинг Тошкентда ваколатхонасини очиш, илғор технологиялар трансферини йўлга қўйиш ҳамда мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Малайзия Қишлоқ хўжалиги тадқиқотларини ривожлантириш институти (MARDI) мутасаддилари билан Ўзбекистонда ташкил этилган Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси тадқиқотчиларининг малакасини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Академия тадқиқотчилари учун MARDI базасида қисқа муддатли илмий стажировкаларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Малайзия вазирлигига қарашли Маркетинг агентлиги (FAMA) билан Малайзияда етиштириладиган тарвуз, қовун ва сабзавотларни Ўзбекистон шароитида етиштириш ҳамда келгусида Малайзия бозорига экспорт қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди. Балиқчилик департаменти ҳамда шоличиликка масъул BERNAS агентлиги билан илғор тажрибаларни ўрганиш, шунингдек, агротуризм йўналишини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари Малайзиянинг йирик компаниялари ва маҳаллий тадбиркорлар билан ўтказилган B2B учрашувлар натижасида Ўзбекистон маҳсулотларини Малайзия бозорига экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилиб, тегишли экспорт шартномалари имзоланди. Халқаро ҳалол стандартларини жорий этиш мақсадида “Jafaar Industries” компанияси билан Ўзбекистон тадбиркорлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА