Мағлубиятлар эртанги ғалабаларга пойдевор бўла оладими?
Шу кунларда Чехиянинг Прага шаҳрида сув полоси бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 21-жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, мазкур чемпионатда 18 давлат тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришган. Мамлакатимиз спортчилари “А” гуруҳида Италия, Хорватия, Россия ва Аргентина жамоалари билан кейинги босқичга чиқиш учун баҳслашмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси илк ўйинни 28 август куни россиялик тенгдошларига қарши ўтказган бўлса, 29 августда Аргентина билан, кеча эса италиялик спортчилар билан баҳслашди. Ўтказилган барча ўйинларда рақибларига имкон берган спортчиларимиз бугун гуруҳдаги барча учрашувларни ғалаба билан якунлаган Хорватия терма жамоаси билан рўбарў келади. Мазкур учрашув қандай натижа билан тугаган тақдирда ҳам терма жамоамиз жаҳон чемпионатининг кейинги босқичига чиқа олмайди.

Сув полоси бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги мағлубиятли ўйинлари ҳақида аввалига Ўзбекистон сув спорт федерацияси билан боғланмоққа чоғландик. Натижа бўлмади. Кейин эса Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилдик. Улар ҳам тайинли жавоб айтиша олмади. Мурожаатимизнинг сўнгги манзили сув спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби бўлди.
Сув спорт турлари бўйича РОСММ директори Дилшод Максумовга масала моҳиятини айтгандик, тўғри тушунди ва бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
- Чехияда ўтказилаётган 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида деярли барча давлатлар 19-20 ёшли спортчилар билан қатнашмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси эса 2004 йилда туғилган ёшлардан иборат. 17 ёшли спортчиларимизни мазкур нуфузли мусобақага юборишимиздан мақсад, энг аввало, ўсмирларимизнинг тажрибасини ошириш, халқаро мусобақалардаги кўникмасини шакллантириш. Айнан ушбу ёшдаги спортчиларимиз 2025 йил Тошкентда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши белгиланган.
Бундан ташқари, улар келажакда сув полоси бўйича мамлакатимиз терма жамоасининг асосини ташкил қилган ҳолда катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, олимпия ўйинларида иштирок этади. Шу боисдан ҳозирдан келажак заҳирасини кўзлаган ҳолда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
- Демак, жаҳон чемпионатида иштирок этишдан мақсад тажриба ошириш экан-да?
- Ҳар қандай чемпионат мусобақалари аслида барча давлатларнинг спортчилари учун олимпия ва қитъа ўйинлари олдидан жуда катта тажриба ва малака ошириш мактаби вазифасини ўтайди. Яқинда, 13 августда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Токио олимпиадаси иштирокчилари билан бўлган учрашувда жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва уларни келгуси олимпия ўйинларидаги иштирокини таъминлаш масаласида бир қатор кўрсатмалар берган эдилар. Жамоаларнинг олимпия ва бошқа нуфузли мусобақалардаги иштироки эса албатта, халқаро мусобақаларда кўпроқ иштирок этиб, тажриба тўплашга боғлиқ. Шу боисдан, Чехиядаги мусобақалар вакилларимизнинг келгуси спорт фаолиятида муҳим мусобақа майдони бўлмоқда. Асосийси, ёш спортчиларимизнинг “кўзи пишди”, кучли жамоаларнинг техник ва тактик ҳаракатларини ўрганди.
- Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон сув полоси федерациясининг иштироки бўлдими?
- Мамлакатимизда ягона сув полоси федерацияси мавжуд эмас. Юртимиздаги сув спорт турларига дахлдор бўлган тўртта йўналиш битта ташкилотга – Ўзбекистон сузиш федерациясига тегишли. Аммо Токио олимпиадаси олдидан мамлакат сузиш федерациясида юзага келган муаммолар сабабли Чехиядаги жаҳон чемпионатининг ташкилий ишларида улар қатнаша олмади.

- Бевосита Чехиядаги мусобақалар хусусидаги фикрингиз қандай?
- Жаҳон чемпионатида 18 жамоа қатнашаётган бўлса, ундаги Европа жамоалари энг кучли ҳисобланади. Барча спортчилар йил мобайнида клублар ўртасидаги ва ички биринчиликларда мунтазам қатнашиб келаётган спортчилар. Бизнинг ёш спортчиларимиз учун бу илк жаҳон чемпионати.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик спортчилар ўзларидан деярли 3-4 ёш катта бўлган профессионаллар билан беллашишди. Масалан, бизнинг гуруҳимиздан жой олган Россия, Италия ва Хорватия жамоалари ўз вақтида жаҳон ва Европа чемпионатларининг совриндори бўлган жамоалар ҳисобланади. Аргентина бўлса Пан Америка ўйинларининг етакчиси. Бундай кучли жамоалар билан ўйнаш эса Ўзбекистон сув полочилари учун фойдадан ҳоли эмас. Тўғри, Прага баҳсларида ёшларимиз ютқазди. Лекин бу мағлубиятлар эртанги ғалабаларга замин бўлади, деб ўйлайман. Мана, қўшни Қозоғистон жамоасини олайлик, улар “Д” груҳидан ўрин олган. Худди биздек биринчи марта жаҳон чемпионатида қатнашмоқда. Иштироки ҳам ўзимизники билан деярли бир хил. Улар ҳам Қозоғистон полосининг эртасини ўйлаб ҳаракат қилишмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам, тоққа чиқмасанг дўлона қайда деганларидек, катта мусобақаларнинг хавосини олиш, кучлилар билан бир майдонда ҳаракат қилиш алалоқибат профессионаллар сафига қўшилишга ундайди. Ўртамиёна, тажрибаси етарли бўлмаганлар билан беллашиш эса ҳамиша пастдан баландроқ, баланддан пастроқ бўлиб юришга олиб келади. Бу исботланган теория. Сув полоси бўйича Ўзбекистон ёшларининг кўзлаган манзиллари не чоғлик юксаклигини эса вақт кўрсатади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА