Мафкура соҳасида бўшлиқ бўлмайди
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан «Замонавий тарғибот технологиялари ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Тадбир «Ўзбекистон-2030» стратегияси, «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, юртимиздаги ислоҳотларни кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.
[gallery-16654]
Конференция аввалида сўзга чиққан Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов бугунги кунда маънавият соҳасидаги тадқиқотларни ҳар қачонгидан ҳам кучайтириш лозимлигини, бу каби илмий конференциялар шу жиҳатдан амалий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Тадбирга модераторлик қилган Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов маънавият соҳасидаги тадқиқотларнинг мониторинги ва оптималлаштириш замонавий тарғибот технологиялари ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда долзарб эканини таъкидлади. Бу мавзудаги тадқиқотларнинг амалиётга татбиқ этилиши анжуманнинг асосий ютуғи бўлиши эътироф этилди.
Мазкур илмий-амалий анжуман Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини ўрганиш ва уни такомиллаштириш технологиялари, ижтимоий тармоқларнинг ёшлар маънавий-ахлоқий қарашларига таъсири: медиатаҳлил методлари, эмпирик тажрибалар асосида маънавий тарбиянинг самарали ва таъсирчан усуллари, ғоявий кураш тарихи, методологияси, муаммо ва ечимлари каби илмий муаммолар таҳлилига бағишланди.
Конференцияда маънавият соҳасидаги тадқиқотлар мониторинги ва оптималлаштиришнинг бугунги кундаги аҳамияти миллий ва маънавий муҳит билан боғланган тарзда муҳокама этилди.
Конференция давомида педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг «Дунёнинг ривожланган мамлакатларида маънавий-маърифий фаолият тенденцияларига бир назар», филология фанлари доктори, профессор Султонмурод Олимовнинг «Маънавият – тараққиёт калити», социология фанлари доктори Сарвар Отамуратовнинг «Ёшлар ижтимоий-инновацион фаоллигини оширишда ижтимоийлашувнинг аҳамияти» мавзулардаги маърузалари тингланди. Шу билан фалсафа фанлари доктори, профессор Қиём Назаровнинг «Жадид фалсафаси», сиёсий фанлар доктори, профессор Фазлиддин Равшановнинг «Оммавий ахборот воситаларининг ёшлар ҳаётига таъсирини тартибга солиш йўналишлари», фалсафа фанлари доктори Шавкат Тўраевнинг «Мафкура соҳасида бўшлиқ бўлмайди» мавзуларида долзарб муаммолар таҳлилига бағишланган қимматли маърузалари муҳокама этилди.
Анжуманнинг мунозаралар қисми қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Н.Усмонова, Рустам Назарматов (суратлар), ЎзА