Маданиятга эътибор юксак эътироф… (+видео)
“Вазир ва ёшлар учрашуви”, ўқув семинар ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни ташкил этиш тўғрисида” 2019 йил 21 ноябрдаги қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш, ўқув жараёнига янги ахборот-педагогик технологияларни татбиқ этиш, янги авлод ўқув адабиётларни яратиш, мутахассислик бўйича фан дастурларини соҳа мутахассилари иштирокида қайта кўриб чиқиш мақсадида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида ўқув семинар ўтказилди.
Мазкур семинарда маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида вазирлик тасарруфидаги Мақом санъатига ихтисослашган мактаб-интернатлари ҳамда бахшичилик мактабининг директорлари ва мутахассислик фанлар бўйича бўлим бошлиқлари, ЎзММСИ профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.
Мақом мактаб ўқувчилари ҳамда ЎзММСИ профессор ўқитувчилари билан мавзу юзасидан турли мастер класс ва давра суҳбатлари ташкил этилгач, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон қаҳрамони, Олий Мажлиси Сенат аъзоси Муножат Йўлчиевани қутлаш маросими ҳам тадбирнинг муҳим қисмига айланди.
Шунингдек, институтда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда, уларга кенг кўламда имконият яратиш, ёшларнинг маданияти, маънавиятини ўстириш, давр қаҳрамонларига, кенг тафаккурли ёшларимизга ўз хоҳиш ва истакларига қараб, эртанги кунда ўзларини мустақил кўра олишликлари учун, масъул шахс сифатида қобилиятларини инобатга олиб, ҳар тарафлама тўғри йўналиш бериш мақсадида маданият вазири билан “Вазир ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Унда ёшларнинг соҳага оид бир қатор таклифлари ва мулоҳазалари тингланиб, ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Учрашув давомида иқтидорли талабалар ўзларининг таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этишди.
Мулоқот чоғида мақом йўналишига алоҳида эътибор қаратиш ва бу йўлда соҳа вакиллари елкадош бўлиб ишлаши лозимлиги, шунингдек, тарғибот масаласи ҳам асосий кун тартибида тургани қайд этилди. Мамлакатимизда таълим-тарбия сифатини ошириш, хусусан, мусиқа йўналишида ўқитиш тизимини такомиллаштириш, айнан мазкур таълим даргоҳи масъулиятига кириши таъкидланди. Шуларни инобатга олган ҳолда, ёшларнинг салоҳияти муҳим аҳамият касб этади.
- Мен қатори, жидди-жаҳд билан маданият ва санъат ривожи учун сарҳад тураётган азиз ёшлар ва комиллик сари интилган иқтидор эгалари, учрашув давомида айтган барча таклиф ва саволларингиз, мулоҳазангиз учун миннатдорман. Сиз ва биз барчамиз муаммоларни биргаликда бартараф этамиз. Зеро, баркамол авлод тарбиясига барчамиз бирдек масъулмиз ва муродбахш Ўзбекистонимизни биргаликда бунёд этамиз, - деди, Озодбек Назарбеков.
Вазир, шунингдек, ЎзММСИда ўтган қисқа вақт мобайнида қатор ислоҳотлар амалга оширилганига гувоҳ бўлганини қайд этди. Бироқ, замон талабидан келиб чиқиб, изланишларни изчил давом эттириш кераклиги урғуланди. Қолаверса, муассаса иш тизимини рақамли технологиялар тизимига интеграция қилишга эътиборни кучайтириш айтилди.
Учрашувнинг эсда қоларли жиҳатлари шунда эдики: талаба-ёшларимиз ўз ижод намуналари орқали йиғилганларни хушнуд этди. Масалан, ёзувчи талаба қизимиз вазирга ўз қаламига мансуб китобини ҳадя қилган бўлса, яна бир сурхондарёлик ёш умидли хонанда қўшиқ куйлади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/x7JR5GN3OFE?si=h7hE7_nafA18MVFS" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев,
Искандар Исматов (видео),
ЎзА