“Маданият карвони” аҳолига қувонч улашди
Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани марказидаги болалар ва ўсмирлар спорт майдонида “Маданият ва санъат ҳафталиги” доирасида ташкил этилган концерт дастури туман аҳли ҳаётига яна бир бор ўзгача қувонч, шукуҳ бағишлади.
Тадбирда пойтахтимиздан келган “Навбаҳор” ансамбли ҳамда эл севган машҳур санъаткорлар иштирок этди. Улар ижро этган дилбар куй-қўшиқлар, қалбни ром этувчи миллий оҳанглар барчага унутилмас завқ улашди. Томошабинлар ҳар бир чиқишни катта хурсандчилик ва олқишлар билан қарши олишди.

– Тадбирда аҳолининг кенг қатлами, жумладан, сувчилар, агрономлар, фермерлар ҳам қатнашди, – дейди “Уч қаҳрамон” сув истеъмолчилар уюшмаси раиси, илғор фермер Юлдуз Бобоқулова. – Бундай маданий учрашувлар ишга бўлган шижоатни оширади, одамларга эса аъло кайфият, қувонч улашади.

– Концерт дастурига қўни-қўшни, фарзандлар ва набираларимиз билан бирга келдик. Тинч ва фаровон юртга тўйлар, ана шундай тадбирлар ярашади ,– дейди Сойибобод маҳалласидан томорқачи Ҳакимжон ота Исмоилов.


Дарҳақиқат, бу каби маданий тадбирлар ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири