Маҳсулот сифати ва ҳажми ортмоқда
Президентимиз раҳнамолигида саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга хизмат қилмоқда.Фарғона вилоятида иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни янада кенгайтириш, саноат корхоналарини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида жалб этилган 484 миллиард сўмлик инвестицияларнинг қарийб 70 фоизи ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий техника ва технологияларни жорий этишга йўналтирилди. Бу рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳаллий бозорни импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда.
Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамияти қурилиш саноати тармоқларига, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар, автобус ва тракторларга юқори сифатли ойна ҳамда шиша маҳсулотлари етказиб беради. Амалга оширилган кенг кўламли модернизация ишларидан сўнг ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, маҳсулот тури 150 тага етди. Айни пайтда корхонада 2 мингдан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда.
Корхона маҳсулотларига талаб юқори бўлгани боис барча цехларда иш қизғин. Шиша идишлар тайёрлаш цехида иш конвейер усулида ташкил этилган. Германиядан 5 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига келтирилган замонавий ускуна ва дастгоҳларни маҳаллий мутахассислар моҳирлик билан бошқармоқда. Кунига 175 минг дона шартли сиғимдаги идишлар ишлаб чиқарилаётир.
Тобланган ойна тайёрлаш цехи ҳам замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, 2002 йилгача бу ерда йилига 4 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 7,5 миллион донани ташкил этади. Тобланган ойнанинг асосий қисми мамлакатимиздаги автомобилсозлик, трактор ҳамда вагон тайёрлаш корхоналарига етказиб берилмоқда.
– Айни пайтда янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда, – дейди жамият раҳбари Акмал Пўлатов. – Яқинда мева-сабзавотни консервалашни йўлга қўйдик. Шунингдек, маҳсулотни ўраш ва қадоқлашда қўлланиладиган саноат қоғози тайёрлашни ўзлаштирдик. Бунинг учун хориждан кунига 10 тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга замонавий дастгоҳлар келтирилди.