Маҳсулот кўпайиб, сифати ошмоқда
Навоий шаҳридаги турли ичимликлар ишлаб чиқарадиган “Эркин ният сари” хусусий фирмасида нон ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди.
– Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор фаолиятимизни кенгайтиришга рағбатлантириб, мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида янада кўпроқ меҳнат қилишга ундамоқда, – дейди “Эркин ният сари” раҳбари Шавкат Орзиев. – “Ипотека-банк”нинг вилоят филиалидан олинган 150 миллион сўм кредит эвазига зарур ускуналар харид қилдик. Янги цехда кунига 5-6 минг дона буханка, олти хилдаги ширинликлар тайёрланмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулот шаҳримиз бозорларига етказиб берилаётир.
Янги цехнинг ишга тушиши билан ўн нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Коллеж битирувчиси Дилафрўз Алиева улардан бири.
– Бу ерда ёшларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган, – дейди Дилафрўз. – Замонавий жиҳозланган ва уйимизга яқин ушбу корхонада меҳнат қилаётганимдан ота-онам ҳам жуда хурсанд.