Мақсадимиз истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашдир
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддиновнинг академия тасарруфидаги ўқув муассасаларида таълим олаётган ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Беш ташаббус – амалда
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддиновнинг академия тасарруфидаги ўқув муассасаларида таълим олаётган ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда мамлакат ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда белгилаб берилган топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда А.Нуриддинов Бадиий академия тизимида ёшларга яратилаётган шароитлар, улар истеъдоди ва салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилувчи лойиҳалар бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлади.
Хусусан, у давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш ясаш бўйича улкан мақсадлар белгиланганлиги, жумладан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун шароит яратиш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, бўйича тегишли топшириқлар берилганлигини айтиб ўтди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати борасида давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди.
Маълумки, биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Ташаббус ижроси доирасида, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам асосан номутахассис ёшлар аудиториясини санъат турларига жалб қилиш, уларнинг тасвирий ва амалий санъатга бўлган қизиқишини уйғотиш, касбга йўналтириш, истеъдодини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Лойиҳа талабига кўра мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим муассасалари тарбияланувчи ва ўқувчи-талабалари учун ижодкорларнинг шахсий устахоналарида ижодий учрашув ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилиши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа доирасида ўтказилаётган ижодий учрашувларнинг айнан рассомлар устахоналарида ташкил этилиши бежиз эмас, албатта. Ёшларга ҳақиқий ижодий муҳитни кўрсатиш орқалигина тасвирий санъат оламини англашлари учун янада кенгроқ имконият яратишга, ушбу касбга бўлган чин маънодаги муҳаббатни уйғотишга эришиш мумкин.
Шунингдек, Президентимизнинг мамлакат ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича Сурхондарё вилоятида Рўзи Чориев номидаги ижод мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ижод мактабини ташкил этиш орқали ранг ва тасвир соҳасининг етук намояндаларига ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида Рўзи Чориевнинг ижоддаги анъаналарини давом эттириш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда истеъдодларни ривожлантиришга эришилади.
– Жорий йилнинг апрель ойида ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданият ва санъатга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ташкил қилинади, – деди Бадиий академия матбуот хизмати раҳбари Қаҳрамон Қўлдошев. – Бу борада соҳада ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, улар билан ишлаш, иқтидорларини рўёбга чиқариш учун чуқур ўйланган тизим жорий этилган. Шунингдек, июнь ойида “Навқирон Ўзбекистон” иқтидорли ёшлар республика кўргазма-танловини ўтказишни ҳам режалаштирганмиз. Яна бир лойиҳа “Ёш мусаввира қизлар” танлови. Ушбу лойиҳа натижасида тасвирий санъат йўналишидаги ёш ижодкор қизларнинг миллий ўзлигимизни англаш ғояларини тараннум этувчи ёрқин санъат асарларини яратишдаги фаолияти рағбатлантирилади ҳамда ёш ижодкор қизларнинг изланиши, ўз қобилиятини намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилади.
Бадиий академия тизимида мазкур тадбирларни ташкил қилишдан мақсад тасвирий ва амалий санъат, миниатюра, дизайн соҳасидаги маҳорати билан одамларнинг юрагига етиб борадиган, ёшларни эзгуликка чорлайдиган, уларни маънавий баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қиладиган асарлар яратишда фаоллик кўрсатаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашдир.