“Маҳалла маркази” биноси очилди
Юртимиз бўйлаб мустақиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Навоий вилоятида “Маҳалла маркази” биноси фойдаланишга топширилди.
Юртимиз бўйлаб мустақиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Навоий вилоятида “Маҳалла маркази” биноси фойдаланишга топширилди.
Маҳалла – тарбия ўчоғи, эзгулик бешиги, Ватан ичра кичик Ватандир. Азал-азалдан маҳалла меҳр-оқибат, эзгулик маскани, миллий қадриятлар ва урф-одатларни аждодлардан авлодларга етказувчи маънавият бешиги ҳисобланади. Давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаётган маҳалланинг юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, бағрикенглик, меҳр-мурувват муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ҳиссаси беқиёсдир.
Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда маҳалланинг нуфузини янада юксалтириш, фаолият кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Айнан ушбу фармон ижросини таъминлаш, маҳалла институтининг мавқеи ва ролини янада мустаҳкамлаш мақсадида эътирофга молик ишлар амалга оширилди.

Хусусан, бугунги кунга қадар Навоий вилоятида 2017 йилда Конимех, Навбаҳор, Нурота, 2018 йилда Учқудуқ ва Томди туманларида маҳаллалар кенгашлари алоҳида ўз биноларига эга бўлди.
Бу борадаги амалий ишлар изчил давом этмоқда. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Навоий шаҳри марказида вилоят ҳамда Навоий шаҳар маҳаллалар кенгаши учун барча қулайликларга эга, замонавий талаблар асосида қурилган “Маҳалла маркази” қад ростлаши бунга яққол мисолдир.
Қисқа муддатда қарийб 3 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган ушбу марказда нафақат ходимлар учун, балки бу ерга келадиган ҳар битта фуқаро учун барча қулайлик яратилди.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.