Маҳалла – бизнес маркази
Фарғона вилоятининг обод туманларидан бўлган Бешариқ ҳақида гап кетганда, аввало, кўз олдимизга унинг бетакрор табиати, хушманзара ва баҳаво масканлари, машҳур қантак ўригию, тилими тилни ёрар қовунлари келади. Аммо туманни машҳур қилган – бу унинг омилкор деҳқонлари, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлари.
Фарғона вилоятининг обод туманларидан бўлган Бешариқ ҳақида гап кетганда, аввало, кўз олдимизга унинг бетакрор табиати, хушманзара ва баҳаво масканлари, машҳур қантак ўригию, тилими тилни ёрар қовунлари келади. Аммо туманни машҳур қилган – бу унинг омилкор деҳқонлари, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлари.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор Бешариқда ҳам ўзининг юксак самараларини бермоқда.
Туманда бугунги кунда 64 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда яратилаётган кенг имконият ва шароитлардан унумли фойдаланаётган оилавий тадбиркорлар маҳаллаларда ҳунармандлик ва аҳолига турли хизматлар кўрсатишни йўлга қўймоқда. Иссиқхоналар ташкил этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштираётир. Қандолатчилик, новвойлик, паррандачилик, чорвачилик ва асаларичилик ривожланмоқда.
“Рапқон” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги бўш турган бинода иш бошлаган “Зарифахон зарлари” хусусий корхонасида тайёрланаётган аёллар кийимлари замонавий ва миллий андозалар уйғунлиги, сифати, хушбичимлиги билан харидорларга манзур бўлаётир.
Зарифа Мамажонова раҳбарлик қилаётган корхона имкониятини кенгайтириш учун банкдан 30 миллион сўм кредит олиб, ўнта замонавий тикув машинаси харид қилди. Турдош корхоналарда малака оширган ўн нафардан зиёд қизлар касб сирларини маҳалладаги тенгдошларига ўргатмоқда.
– Асосан аёллар кийимлари тикишга ихтисослашган корхонамизда миллий ва замонавий услубда келинлар либослари, парда, зардўзлик буюмлари тайёрланмоқда, – дейди З.Мамажонова. – Дизайнерлик борасидаги янгиликларни интернет тармоғидан билиб борамиз. Бу маҳсулотларимизни мижоз талаби асосида тайёрлаш имконини беради. Оилаларимиздаги фаровонлик, замонавий уй-жой ва автомашиналар ҳунармандликдан топган даромадимиз ҳисобидан бўлмоқда.
Ёш ҳунарманд Бобомурод Йўлдошев бобомерос темирчилик сирларини маҳалла ёшларига ўргатмоқда. Маиший хизмат ва педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Сардор Қўшоқов ёғоч ўймакорлиги устахонасини ишга туширди. Натижада ўндан зиёд ёш ишли бўлди.
– Ҳудудимизда 50 дан ортиқ ёш ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда, – дейди “Рапқон” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Абдумўмин Нурматов. – Истиқлол йилларида йиғинимизда темирчилик, косибчилик, дурадгорлик, ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик ривожланди. Ўтган йили ўз бизнесини бошламоқчи бўлган 30 нафар тадбиркорга 50 миллион сўмдан зиёд банк кредити олишга кўмаклашилди. Бу маҳаллалар ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, юзга яқин оила ўз даромадидан янги автомашина харид қилган. Ёшлар, аёллар ўртасида жиноятчиликнинг, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича эришилаётган ютуқларда ҳам ҳунармандлик ривожи алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор самараларидир.