Маҳалла ҳамжиҳатлик тимсоли
Ҳар қандай улкан иш эзгу ниятдан бошланади.
Ҳар қандай улкан иш эзгу ниятдан бошланади. Ортда қолган 2019 йилга назар ташлаб, босиб ўтилган йўл, эришилган натижаларни таҳлил этар эканмиз, ана шу ҳаётий ҳақиқатга яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.
Зеро, шу вақт ичида биргина фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида қатор ютуқлар қўлга киритилдики, бунинг самараси кундан-кунга чирой очиб бораётган маҳаллалар қиёфасида, турмушимиз фаровонлигида, йиғинлардаги одамлар кайфиятида, маҳаллалар иш фаолияти самарадорлигида намоён бўлаётир.
2020 йилда ҳам олдимизга улкан режаларни қўйганмиз. Жумладан, маҳаллалар фаолияти самарадоригини оширишга қаратилган “Йўл харитаси”, жамоат ташкилотларининг ҳамкорлик дастури тегишли чора-тадбирлар режаларига асосан, манзилли ва тизимли равишда йўлга қўйилади.
Ёшлар маънавиятини тўғри шакллантириш, уларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик руҳида тарбиялаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, маҳаллалардаги муҳитни янада соғломлаштиришга муносиб ҳисса қўшиш, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мувофиқлаштириш мазкур ҳамкорлик дастуридан кўзланган асосий мақсаддир. Бунда бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратилади.
Хусусан, маҳалла институтининг жамиятдаги ролини ошириш, жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлашга қаратилган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган концепция”си, шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш тизимида маҳалла институтининг ролини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Жорий йилда ҳам уйма-уй юриш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш бўйича “Маҳалла – Халқ қабулхонаси – сектор – маҳалла” ҳамкорлик тизими самарали равишда давом эттирилади. Ҳар бир фуқаролар йиғини бўйича ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ҳудуддаги муаммолардан келиб чиқиб, «Ҳаракатлар режаси» тайёрланади.
Оилавий ажримлар, вояга етмаганлар, хотин-қизлар жиноятчилиги, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида маҳалла раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис, профилактика инспектори ҳамда унинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида намунали тизим ишлаб чиқилади.
Маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларни эҳтиёжмандлик даражасидан чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимий эътиборимизда бўлади. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалаларини ҳар ойда туман ва шаҳар, вилоят ҳамда республика кенгашлари йиғилишларида муҳокама қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича ҳудудий ва туман (шаҳар) кенгашларида ҳар ойнинг 10 санасида “Очиқ эшиклар куни”ни ўтказиш, барча мактабларда ҳар ойнинг учинчи жума кунини “Кексалар маърифати” соатлари сифатида белгилаш режалаштирилган.
Маҳаллаларда аҳолига томорқадан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш, жойларда қонун устуворлигини, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш, маҳаллаларда тўй-маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳам асосий вазифаларимиздандир.
Умуман, 2020 йилда олдимизда муҳим ишлар турибди. Бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилсак, уларнинг уддасидан чиқамиз.
Шавкат ЖАВЛОНОВ,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
республика кенгаши бошқаруви раиси.