Маҳалла аҳли ҳуқуқбузарнинг қилмишини қоралади
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи Ғайрат Пўлатовнинг ғайриқонуний фаолияти маҳалладошлари иштирокида муҳокама қилинди.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи Ғайрат Пўлатовнинг ғайриқонуний фаолияти маҳалладошлари иштирокида муҳокама қилинди.
У хонадонида қонунга хилоф равишда қўлбола жувоздан фойдаланиб пахта ёғини ишлаб чиқариш билан шуғулланаётгани аниқланиб, ички ишлар ходимлари томонидан 95 литр пахта мойи, 561 килограмм кунжара, 162 килограмм чигит маҳсулоти далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан туманда ушбу ҳуқуқбузарлик муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишга Ғ. Пўлатовнинг маҳалладошлари ҳам иштирок этиб, унинг ғайриқонуний фаолиятини қоралади.
Тегишли тартибда рўйхатдан ўтмаслик, яширин маҳсулот, айниқса озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқариш нафақат иқтисодий қонунбузарлик, айни пайтда одамлар саломатлигига жиддий зиён етказиши билан хавфлидир. Аммо маҳаллаларда бундай ҳолларга “тирикчилик қилаверсин” деган эътиборсизлик билан кўриб-кўрмаслик ҳоллари ҳам учрайди.
Муҳокама давомида бундай ҳолатларга мутлақо бефарқ бўлмаслик кераклиги таъкидланди.
Кейинги пайтда одамларда жамият осойишталигига, хавфсизлигига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида ички ишлар идоралари томонидан бундай жиноят муҳокамалари тез-тез ўтказилаётир.