Лутфия олима аёл бўлади
Орадан олти йил ўтиб, Лутфия билан Термиз шаҳрининг Халқаро хотин-қизлар куни – 8 мартга бағишланган байрам тадбирида яна учрашиб қолдик
Лутфия Баратова ҳақида бундан олти йил аввал, аниқроғи, у Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган йили баҳор фаслида "Қуёшли юртнинг бахтли қизи" сарлавҳали мақола ёзган эдик. Ўшанда иқтидорли, изланувчан қизалоқ Термиз туманидаги Янгиариқ касб-ҳунар коллежида таълим олаётган эди.
Орадан олти йил ўтиб, Лутфия билан Термиз шаҳрининг Халқаро хотин-қизлар куни – 8 мартга бағишланган байрам тадбирида яна учрашиб қолдик. Бир зум суҳбатлашиб, беғубор ёшлик давридаги орзу-умидларининг бугунги руёби, ҳаёти билан қизиқдик. Келгусидаги режалари хусусида суҳбатлашдик.
Лутфия болаликдан биологияга меҳр қўйиб, шу фанни чуқур ўзлаштира бошлади. Уни ўсимликлар дунёси ўзига мафтун этди. Болаликдан инглиз тилига меҳр қўйди. Шунингдек, спортнинг шотакан каратэ-до тури билан мунтазам шуғулланиб, жисмонан чиниқди. Қалбида мусаввирликка қизиқиш уйғонди. Беш карра Ўзбекистон чемпиони бўлди. 2012 йил Чехияда бўлиб ўтган халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллади. Польшада шотакан каратэ-до бўйича ўтказилган ўқув-семинарда фаол иштирок этиб, қорабелбоғ 1-дан соҳибаси бўлди. Битирувчи синф ўқувчисининг бу ютуқлари нафақат Лутфия яшайдиган Қуёшли юрт маҳалласи, балки Сурхондарё вилояти аҳлига бир олам қувонч бағишлаган эди. Орадан икки йил ўтиб, у нуфузли мукофотга муносиб топилганида Лутфиянинг спорт йўналишидаги ютуқлари ҳам эътироф этилди. Лекин, таьлим соҳасидаги изланишлари Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланишида муҳим рол ўйнади. Яна ҳам аниғроқ айтадиган бўлсак, иқтидорли ўқувчининг 2012 мамлакатимизда чоп этилган "Қишлоқ хўжалигини интенсив технология асосида ривожлантириш муаммолари ва технологияси" ҳамда "Сурхондарё вилояти шароитида стевиянинг уруғ унувчанлиги" номли мақолалари муносиб баҳоланди.
– Коллежни тугатиб, Термиз давлат университетининг хорижий филология факультетига ўқишга кирдим, – дейди Лутфия Баратова. – Бу йил ўқишни тугатиб, магистратурага ҳужжат топширмоқчиман. Талабалик давримда инглиз тилини чуқур ўрганиш баробарида мустақил илмий изланиш ҳам олиб бораяпман. Келажакда ўзим қизиққан соҳа бўйича илмий иш ёзиб, олима бўлмоқчиман. Ҳаётимни воҳамиз қишлоқ хўжалигини иқтисодий юксалтиришга бағишламоқчиман.
Айни пайтда орзулари бир олам истеъдод соҳибаси ўқишдан бўш вақтларида ёшлар иттифоқининг вилоят кенгашида ёш оилалар билан ишлаш бўлимида ҳам фаолият юритмоқда.
– Зулфия номидаги Давлат мукофоти менга куч, илҳом берди, – дейди Лутфия. – Шу билан бирга зиммамга катта масьулият ҳам юклади. Ўқиб, изланиб, меҳнат қилиб, ёшлар билан учрашиб ҳам чарчамайман. Бироқ, болаликда ўзим севган спортдан узоқлашиб қолаётганимдан афсусдаман. Юксак мукофотга муносиб инсон бўлиш ҳисси эса янада кўпроқ ҳаракат қилишга ундайди. Ана шу туйғу менга ўзгача қувонч улашаётганидан бахтиёрман.