“Лойиҳалар ярмаркаси” натижа бермоқда
Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси ва Бухоро тумани ҳокимлиги ташаббуси билан “Лойиҳалар ярмаркаси” ташкил этилди ва унда “Сайхунобод”, “Уйчи”, “Зарбдор” ҳамда “Ғиждувон” тажрибалари асосида тайёрланган бизнес режалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Маҳаллаларга бириктирилган тижорат банклари вакиллари, ҳоким ёрдамчилари ва тадбиркорлар иштирок этган “Лойиҳалар ярмаркаси” доирасида аҳолининг тадбиркорлик фаолиятига дахлдор 70 дан ортиқ бизнес режа муҳокама қилинди. Ярмарка доирасида 30 дан зиёд ташаббускорнинг лойиҳаси тижорат банклари томонидан маъқулланди.

“Работипоён” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор “Исломова Фароғат Самандар қизи” ўтган йили ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида 33 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, бу сармояга 50 миллион сўм ўз жамғармасини қўшиб, хонадонида тикувчилик фаолиятини бошлаган. Ҳозирда бу саъй-ҳаракат билан у маҳалласидаги 15 нафар ишсиз хотин-қизни, шундан, 3 нафари камбағаллик реестрига кирган, 2 нафар ногиронлиги бўлган фуқарони иш билан банд қилгани таҳсинга лойиқ.

“Лойиҳалар ярмаркаси”да ЯТТ “Исломова Фароғат Самандар қизи” ўз маҳсулотлари билан иштирок этди ва келгусида 15 нафар иш ўрни яратиш мақсадида 300 миллион сўм миқдорида банк кредит маблағини олмоқчи эканлигини билдирди.

Шу куннинг ўзида Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Эркин Мансуров бошчилигидаги ишчи гуруҳи мазкур тадбиркорнинг хонадонида бўлди. Тадбиркорнинг фаолияти билан яқиндан танишди ва Фароғат Исломовага “Халқ банки” туман филиали томонидан кичик корхонага кредит маблағи ажратиладиган бўлди.
Ўтказилган ярмаркада тадбиркорлик қилиш ниятида бўлган фуқаролар учун бизнес кўникмасини шакллантириш, банклар томонидан таклиф қилинаётган имтиёзли кредит сармояси, яратиладиган иш ўрни, бандликни таъминлаш жиҳатларига ҳам эътибор қаратилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири