Лойиҳа самарали амалга оширилди
Наманган вилоятидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳақида гап кетганда, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамда вилоят “Кексаларни эъзозлаш” жамоат фонди илғорлар сифатида тилга олинади.
Президентимизнинг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросига қаратилган “Вилоятда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мазкур хайрли лойиҳа учун 200 миллион сўм давлат грантини ажратганди. Ўтган бир йил мобайнида грант маблағлари асосида лойиҳада режалаштирилган юмушлар сифатли ва самарали бажарилди.
Ажратилган маблағнинг 67 фоизига ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз ва бемор нуронийлар учун белгиланган 400 дона дори-дармонлар қутиси, 600 дона танометр сотиб олиниб, маҳалла фаоллари орқали аниқланган 788 нафар кўмакка муҳтож кексага манзилли етказиб берилди.
Қолаверса, лойиҳа доирасида “Соғлом турмуш тарзи”, “Дунё яхшилар борлиги учун ободдир” номли китоблар нашр этилиб, маҳаллалардаги “Кексалар маслаҳат гуруҳи” аъзолари ҳамда олий таълим муассасаларига қўлланма тарзида бепул тарқатилди.
[gallery-17703]
– Бугунги глобаллашув даврида ахборот хуружларининг ортиб бораётгани, ёшлар таълим-тарбияси масаласида ҳар дақиқа ҳушёр ва огоҳ туришимиз лозимлигини назарда тутган ҳолда, лойиҳанинг мақсад-муддаоси ва унинг ижросидаги қамров айни шу долзарб мавзуга нақадар муштараклигини ҳис этамиз, – дейди лойиҳа ижрочиси, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув маркази директори Раҳмонжон Эгамбердиев. – “Бир нуронийга – ўн нафар ёш”, “Кексалар туризм ойлиги”, “Ҳеч ким меҳр-оқибатдан четда қолмасин”, “Ҳар бир нуроний – ўн нафар ёшга мураббий” йўналишларида олиб борилган тарғибот ишлари таъсирчанлиги таъминландики, туман ва шаҳар ҳудудларидаги катта ҳаёт тажрибасига эга тарғиботчилар ҳам бу ишга кенг жалб этилди.
Лойиҳа ҳисоботида лойиҳа раҳбари – “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамони Ойшахон Қўчқорова, маънавият тарғиботчиси Абдулҳай Турсунов ва бошқалар лойиҳадан кўзда тутилган вазифалар бугунги кунимизда нечоғли аҳамият касб этиши ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидлаб ўтилганидек, фахрийларни ёш авлодни Ватанга муҳаббат, катталарни ҳурмат қилиш, эзгулик ва раҳмдиллик каби кўп асрлик миллий қадриятларимизни эъзозлаш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш зарур. Бу борада маҳаллалар ва таълим муассасаларида маънавий тадбирларни ўтказиш, намунали хонадонларда ота-она ва болалар иштирокида давра суҳбатларини уюштириш, “Ҳар бир нуроний – ўн нафар ёшга мураббий” тамойилини амалиётга татбиқ этиш яхши самара беради.
Тўкин дастурхон теварагида давом этган якуний ҳисобот йиғилишида лойиҳа доирасидаги тарғибот ишларида фаол қатнашган ҳамкор ташкилотлар фаоллари рағбатлантирилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари