Лойиҳа орқали одам савдосининг олди олинади
Нукусда “Ишсиз аёлларни, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш ва янги иш ўринлари яратиш орқали одам савдосининг олдини олиш” лойиҳаси якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
“Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари Гулнора Маҳмудова ва бошқалар таъкидлаганидек, мазкур лойиҳа “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг Андижон, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилмоқда. Шундан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 480 нафар (20 нафар одам савдоси жабрланувчиси, 150 нафар хориждан қайтган мигрант, 150 нафар мигрантлар оилалари аъзоси ва 160 нафар ишсиз) ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлик асосларига ўқитилиб, бизнес субъектларининг очилиши, уларга кичик грантлар ажратилиб, янги иш ўринларини яратиш, шу билан одам савдосининг олдини олишга кўмаклашишни мақсад қилган.
Ушбу лойиҳа АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (USAID) грант маблағи ҳисобидан молиялаштирилади ва уни амалга оширишда миллий ҳамкор этиб Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги белгиланган.
[gallery-14258]
“Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ва унинг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими бизнес-тренерлари томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги туман бўлимлари билан ҳамкорликда ушбу лойиҳа доирасида 2022 йил сентябрь ойидан 2023 йил сентябрь ойигача Хўжайли, Шуманай, Қўнғирот, Қонликўл, Кегейли, Бўзатов туманларида ва Нукус шаҳрида “Тадбиркорлик асослари ва хавфсиз миграция” мавзусида 3 кунлик тренинглар ўтказилди. Лойиҳа доирасида бизнес-маслаҳатчилар томонидан 710 нафар иштирокчига бепул маслаҳат хизмати кўрсатилади.
Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида ҳамкор ташкилотлар – Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси шаҳар ва туман бўлимлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари