Лойиҳа ғолиблари аниқланди
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Йиғилишни Олий Мажлис Сенати аъзоси, комиссия раиси Абира Ҳусейнова бошқарди. Тадбирда 2022 йил Давлат гранти ажратиш учун иккинчи ва учинчи танловлари натижалари ҳамда ғолибларни аниқлаш масаласи муҳокама этилди.
Таъкидланишича, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссиясининг қарорига асосан, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб- қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилган давлат гранти ажратиш учун иккинчи ва учинчи танловига жами ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларидан 35 та лойиҳа қабул қилинди. Шу жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинидан 13 та, нодавлат нотижорат ташкилотларидан 20 та ва оммавий ахборот воситаларидан 2 та лойиҳа тақдим этилган.

Когон тумани Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинининг “Маҳалла кўзгуси” лойиҳаси 2022 йил 8 август куни почта орқали етказилган. 2-3 танловларга лойиҳаларнинг қабул қилиш муддати жорий йилнинг 25 июлгача белгиланганлиги инобатга олиниб, ушбу лойиҳа кечикканлиги учун ишчи гуруҳи томонидан кўрилмаган. Белгиланган муддатда лойиҳа тақдим этган ташкилотларнинг юридик мақоми тўғрисида вилоят адлия бошқармаси ҳамда ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан тегишли тартибда маълумотлар жамланди. Бундан ташқари, ушбу лойиҳалар тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан муносабат билдирилган.
–Йиғилишдан асосий мақсад ушбу лойиҳаларни Ижтимоий шериклик комиссиясининг 2021 йил 20 апрелдаги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат грантлари ажратишнинг ягона тартиби ва шартлари тўғрисидаги Низоми асосида таҳлил этиб, ижтимоий аҳамиятини баҳолаб, ғолибларни аниқлашдан иборат, – дейди вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари, ижтимоий шериклик комиссиясининг аъзоси, Ишчи гуруҳи раҳбари Ҳамид Бешимов. – Лойиҳалар ижтимоий шериклик комиссиясининг ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг дастури, лойиҳаларининг ижтимоий аҳамиятини аниқлаш бўйича Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тегишли Низом асосида кўриб чиқилди. Йиғилишда комиссия томонидан ғолиблар аниқланди. Йиғилиш кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Зариф Комилов, ЎзА