Лойиҳа ғолиби аниқланди
Бугунги кунда ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан такомиллаштириш, жамиятда имкониятлар тенглигини таъминлаш борасида қатор ёндашувлар жорий этилмоқда. Хусусан, бунда жамоатчилик фикрига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли лойиҳа ва ташаббуслар ишлаб чиқилиб, амалиётга кенг татбиқ этиш ишлари жадаллашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан эълон қилинган ана шундай лойиҳалардан бирининг ғолиби маълум бўлди.
Агентлик томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмаси доирасида амалга оширилаётган лойиҳада Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ғолиб деб топилди.
Мазкур лойиҳа доирасида “Бутунжаҳон ижтимоий иш куни” муносабати билан 17 мартдан 17 апрелгача “Ижтимоий иш” ойлиги ўтказилиши мақсад қилинган. Ушбу ойлик доирасида республикадаги “Ижтимоий иш” таълим йўналиши мавжуд бўлган 19 та олий таълим муассасасида талабалар учун “Адабиётлар бурчаги” ташкил этилади.
Ушбу ташаббус орқали ижтимоий иш соҳасида ишлаб чиқилган 12 та замонавий методик қўлланма университет кутубхоналарига тақдим этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, талабалар билан очиқ мулоқотлар орқали ушбу қўлланмаларнинг мазмун-моҳияти тушунтириб берилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади олий таълим муассасаларининг “Ижтимоий иш” таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалари учун кутубхона фондларини замонавий методик қўлланмалар билан бойитиш, шунингдек, уларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Қувонарлиси шундаки, мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёнида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг 20 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган аъзолари иш билан таъминланади. Бу эса фаровон оилалар сони яна 20 тага ортишидан далолат.
Шербек Исломов,
ЎзА