Лондонда Ўзбекистон мусиқа таълимини ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди
Сўнгги йилларда мамлакатимиз маънавий ҳаётида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилаётгани натижасида миллий мусиқамиз жаҳон саҳналарини шиддат билан забт этиб бормоқда.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков хизмат сафари билан Англияда бўлиб турибди.
Вазирнинг Англиядаги навбатдаги учрашуви Лондондаги нуфузли Royal College of Music (RCM) раҳбари Кевин Портер билан бўлди. Учрашувда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида олий мусиқа таълимини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, миллий ва жаҳон мумтоз мусиқаси уйғунлигини халқаро миқёсда тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва РЧМ ўртасида бир қатор устувор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Хусусан, Ўзбекистон Давлат консерваторияси ва РЧМ ўртасида тўғридан-тўғри англашув меморандумини имзолаш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, РЧМ профессорларини Ўзбекистондаги консерватория ва ихтисослаштирилган мусиқа мактаб-интернатларига маҳорат дарслари ўтказиш учун жалб этиш, ўзбекистонлик ёш педагогларнинг Лондонда малака ошириши ва амалиёт ўташи учун имкониятлар яратиш масалалари белгилаб олинди.
Иқтидорли ёш мусиқачиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг энг салоҳиятли ёш ижрочиларини "Ел-юрт умиди" жамғармаси ҳамда махсус грантлар асосида РЧМнинг бакалавриат ва магистратура дастурларида таҳсил олиш имкониятларини яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.
Ижодий йўналишда эса РЧМ оркестри ва бастакорлари билан ҳамкорликда ўзбек миллий чолғулари ва мақом санъати асосида симфоник асарлар яратиш, шунингдек, Лондоннинг нуфузли саҳналарида қўшма концертлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур келишувлар Ўзбекистонда мусиқа таълими тизимига илғор халқаро тажриба ва стандартларни жорий этиш, ёш мусиқачиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда миллий мусиқа санъатини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда муҳим амалий қадам бўлади.
Шербек Исломов, ЎзА