Лондон Эронга зарба берилиши тарафдори эмас
Дональд Трампнинг Эрон фуқаролик инфратузилмасини тўпга тутиш ҳақидаги кескин таҳдиди жиддий хавотир юзага келтирди. Хусусан, Лондон бу масалада Вашингтонни қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Бу эса АҚШ – Буюк Британия муносабатини кескинлаштириши мумкин.
Президент Дональд Трамп 2 апрель куни Эрондаги энг баланд кўприк вайрон этилганини билдирди. Бир неча соат ўтиб, ушбу мамлакатга нисбатан янада кескин ҳарбий чора кўрилиши, жумладан кенг кўламли ҳаво ҳужуми уюштирилиши эҳтимоли билан таҳдид йўлланди. Пойтахтдан тахминан 35 километр жануби-ғарбдаги Кораж шаҳрида жойлашган В1 кўприги ҳам зарар кўргани хабар қилинди.
Шунингдек, Ҳурмуз бўғози халқаро юк ташиш учун очилмаса, Ислом Республикаси асосий фуқаролик инфратузилмаси вайрон этилиши қўшимча қилинди.
Буюк Британия нашри “The i Paper” ёзишича, Лондон Эрондаги фуқаролик инфратузилмаси, хусусан кўприк ва электр станцияларига зарба бериш учун АҚШга ўз ҳарбий-ҳаво кучлари базасига кириш ҳуқуқини бермайди.
Бош вазир Кир Стармер айни мавзуни олдинроқ изоҳлаган: АҚШ ҳарбийлари Британия базаларидан фақат мудофаа мақсадида фойдаланиши мумкин. Яъни, душманнинг ракета объектлари ёки ҳарбий омборларини йўқ қилиш билан чекланиши керак. Фуқаролик манзилларига зарба бериш бу доирага кирмайди.
Мутахассислар фуқаролик инфратузилмасини нишонга олиш халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрини бузиши, ҳарбий жиноят сифатида баҳоланишини таъкидламоқда. Агар Лондон Вашингтонга ҳарбий ёрдам кўрсатишдан бош тортса, икки давлат ўртасидаги муносабат совий бошлаши эҳтимоли ҳам бор.
Трамп сўнгги пайт Стармерни бир неча бор танқид қилиб, Буюк Британия “ҳали анча йўл босиб ўтиши керак”лигини иддао қилди ва уни ўтган аср 30-йилларида фашистлар Германиясига нисбатан юмшоқ сиёсат юритган Бош вазир Невилл Чемберлен билан қиёслади.
Америка етакчиси баёноти охирида таҳдидни такрорлаб, мабодо Теҳрон талабга бўйсинмаса, мамлакат “кўприкларсиз, электр станцияларисиз ва умуман инфратузилмасиз қолиши”ни билдирди.
Ф. Яхшибоева, ЎзА