Логистика Ўзбекистон учун “иккинчи нефть манбаи”га айланадими?
Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган давлатлардан бири. Шунга қарамай, мамлакат сўнгги йилларда бу географик чекловни халқаро транспорт ва логистика тизимидаги янги имкониятга айлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Каспий ва Қора денгиз соҳилларида логистика объектларини ташкил этиш, хорижий портларни ривожлантиришда иштирок этиш ва бир нечта муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш режалари шундан далолат беради.
Элчихона билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур таҳлилий материал учун яқинда нуфузли "Berliner Zeitung" газетасида Николас Бутулиннинг Ўзбекистон транспорт-логистика стратегиясига бағишланган мақоласи асос қилиб олинди. Унда мамлакатнинг янги транспорт йўлакларига чиқиш имкониятлари, Европа Иттифоқининг минтақадаги инфратузилма лойиҳалари ва бу жараённинг Ўзбекистон иқтисодиёти учун аҳамияти таҳлил қилинган. Муаллиф келтирган далиллар логистика мамлакат учун оддий транзит йўналиши эмас, балки янги иқтисодий имкониятга айланиб бораётганини кўрсатади.
Географик чекловдан стратегик имкониятга
Ўзбекистон Лихтенштейн сингари, денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Бироқ, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу географик чекловни стратегик логистика устунлигига айлантиришга қаратилган ёндашув шаклланмоқда.
Президент маъмурияти маълумотига кўра, режалар мамлакат ҳудуди билан чекланмайди. Каспий ва Қора денгиз соҳилларида логистика ва юк ташиш базаларини ташкил этиш, Жанубий Кавказдаги портларни ривожлантиришда иштирок этиш ҳамда Арманистон орқали ўтадиган халқаро савдо йўналишида муҳим ўрин эгаллаш кўзда тутилмоқда.
Айрим лойиҳалар бўйича амалий қадамлар ҳам бошланган. Хусусан, Грузия билан келишувга эришилган. Қора денгиз соҳилидаги Поти портида Ўзбекистонга тегишли омбор ва транспорт-логистика объектларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун техник-иқтисодий асослаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Қозоғистоннинг Ақтау, Туркманистоннинг Туркманбоши ва Озарбайжоннинг Боку портларини ривожлантириш ва модернизация қилишда иштирок этиш ниятида. Грузиядаги Анаклия чуқур сув порти ҳам Тошкент учун қизиқиш уйғотмоқда. Президент Мирзиёевнинг июль ойи бошида Грузияга давлат ташрифи ортидан Ўзбекистон биринчи марта ушбу лойиҳада иштирок этиш истагини расман билдирган.
Бироқ Анаклия порти билан боғлиқ молиялаштириш масаласи бир неча йилдан бери ноаниқлигича қолмоқда, қурилиш ишларида кечикишлар кузатилган. Яқинда эса Хитой ушбу лойиҳадан чиқди.
Президент маъмурияти таъкидлаганидек, бундай лойиҳалар Ўзбекистоннинг тўқимачилик, кимё, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон ва металлургия маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилиш имконини беради. Шу билан бирга, лойиҳаларни молиялаштириш манбалари ҳали очиқ масала бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистоннинг янги транспорт йўлаклари стратегияси
Мамлакатнинг транспорт стратегияси фақат битта йўналиш билан чекланмаяпти. Ўзбекистон Транс-Каспий халқаро транспорт йўлаги, яъни Ўрта коридор билан бир қаторда бошқа муқобил маршрутларни ҳам ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Тошкент ТRIPP, яъни “Трамп йўлаги” деб аталувчи ташаббусда ҳам иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Мазкур йўналиш Озарбайжондан Арманистон орқали Туркияга юк ташишни таъминлаши ва Ўрта коридорнинг стратегик бўғинига айланиши кўзда тутилган. Бироқ TRIPP ишга тушиши бўйича муддатлар сўнгги маълумотларга кўра кечиккан.
Ўзбекистон, шунингдек, Озарбайжоннинг Нахичеван эксклавидаги темир йўл участкасини реконструкция қилишга инвестиция киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу орқали Туркиянинг Самсун ва Истанбул портларига чиқиш имкониятини яратиш режалаштирилган.
Ўрта коридор Хитой ва Марказий Осиёни Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа билан боғлайди. Шу жиҳатдан у Европа бозорларига юк етказиб беришнинг муқобил маршрути сифатида қаралмоқда.
Ушбу тармоқнинг умумий узунлиги 4 минг 250 километрдан ортиқ темир йўл ва қарийб 500 километр денгиз йўлини ўз ичига олади. Caspian Policy Center маълумотларига кўра, у Шимолий йўналишга нисбатан 2 000-3 000 километр қисқароқ.
Европа бозорига олиб борувчи йўллар ва миллиардлаб инвестициялар
Ўрта коридорга қизиқиш фақат Марказий Осиё давлатлари билан чекланмаяпти. Европа Иттифоқи ҳам Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёни Европа бозори билан тўғридан-тўғри боғлайдиган янги халқаро транспорт алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор.
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёни Европа бозори билан боғлайдиган халқаро транспорт алоқалари лойиҳасини эълон қилган. “Global Gateway!” ташаббуси доирасида давлат ва хусусий сектор маблағларидан 12 миллиард еврогача инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.
Европа Иттифоқининг 2030 йилгача бўлган режалари транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, савдо оқимларини уч баравар ошириш ва етказиб бериш муддатларини қисқартиришни қамраб олади. Шунга кўра, Европа комиссияси Болгария билан ҳамкорликда минтақавий боғлиқлик масалаларига бағишланган саммит ўтказишни режалаштирмоқда.
Молиявий институтларнинг қизиқиши ҳам юқори. 2024 йил январь ойида Европа ва халқаро молия институтлари Транс-Каспий йўналишига 10 миллиард евро миқдорида инвестиция киритишга тайёрлигини билдирган эди. 2025 йил апрель ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитида минтақага “Global Gateway” доирасида қўшимча 12 миллиард евро инвестиция ажратилиши маълум қилинди. Шундан 3 миллиард евро бевосита Ўрта коридорга йўналтирилиши кўзда тутилган.
DGAP маълумотларига кўра, 2024-2025 йилларда Европа ва халқаро молия институтлари томонидан Марказий Осиёда барқарор транспорт ва бошқа боғлиқлик инфратузилмалари учун эълон қилинган маблағларнинг умумий ҳажми 22 миллиард еврога етган.
Логистика иқтисодиётнинг янги ўсиш нуқтасига айланмоқда
Транспорт йўлакларини ривожлантириш масаласи Ўзбекистон учун энди фақат транзит имкониятларини кенгайтириш вазифаси эмас. Мамлакатда логистика иқтисодий ўсишнинг янги манбаси сифатида қаралмоқда. Тошкентда сўнгги пайтларда логистика мамлакат учун “иккинчи нефть манбаи”га айланиши мумкинлиги ҳақида очиқ фикр билдирилмоқда.
Бу тенденцияни иқтисодий кўрсаткичлар ҳам акс эттирмоқда. 2025 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларни ташкил этган. Хизматлар экспорти 9,76 миллиард долларга етган ва унинг қарийб учдан бир қисми транспорт хизматлари ҳиссасига тўғри келган.
2026 йил январь–май ойларида жами хизматлар экспортининг 36,2 фоизи транспорт соҳаси ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, транспорт ва омборхона хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5,5 фоиздан 6 фоизга ошди.
Ҳукумат 2030 йилга қадар транспорт хизматлари ҳажмини икки баравар ошириш, хизматлар экспортини 5,7 миллиард долларга етказиш, транзит юклари ҳажмини 22 миллион тоннага чиқариш ва логистика марказлари қувватини уч баравар кўпайтиришни мақсад қилган.
Шу нуқтаи назардан қараганда, логистика фақат товарларни бир манзилдан бошқасига етказиб бериш тизими эмас, балки ташқи савдони кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш, транзитдан даромад олиш ва мамлакатнинг халқаро иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш воситасига айланмоқда.
Асосий вазифа - муқобил йўналишлар ва замонавий инфратузилма
Ўзбекистон Ўрта коридор билан чекланиб қолмасдан, Шимол - Жануб йўналишини ҳам ривожлантирмоқда. Шунингдек, Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли қурилмоқда. Транс-Афғон транспорт коридори эса Жанубий Осиё портларига чиқиш имкониятини яратиши режалаштирилган.
Хитой йўналишида Хонобод, Ўрта коридорда Олот ва Афғонистон чегарасидаги Термиз минтақавий транспорт “дарвозалари” сифатида кўрилмоқда. 2025 йилда Термиз халқаро савдо маркази орқали 320 миллион долларлик товар экспорт қилинган.
Бироқ, мамлакат ичидаги логистика тизими камчиликлари соҳа ривожи учун асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, юк ташиш соҳасида яширин иқтисодиёт улуши 42 фоиздан юқори.
Шунингдек, транспорт хизматларининг барча турларини бирлаштирадиган ва электрон буюртмаларни қайта ишлайдиган ягона платформа ҳали мавжуд эмас. Бу муаммони бартараф этиш учун ягона рақамли транспорт тизими ва электрон реестрларни жорий этиш, чегаралараро транзитни реал вақт режимида кузатиш ҳамда барча транспорт рухсатномаларини қамраб олувчи ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш режалаштирилган.
“Экспорт уч қадамда” электрон тизими орқали экспортни расмийлаштириш жараёни 9 босқичдан 3 та интеграциялашган босқичга қисқартирилган. Расмийлаштириш вақти бир кундан бир соатга тушган, ўртача харажатлар эса 35 фоизга камайган.
Транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш доирасида мамлакатда ички юк ташиш темир йўл тармоғини тўлиқ электрлаштириш ва янги юқори тезликдаги темир йўл участкаларини қуриш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг логистика стратегияси натижаси бир қатор ташқи ва ички омилларга боғлиқ. Хорижий портлардаги улушларни молиялаштириш, Анаклия порти лойиҳасининг келажаги, TRIPP ташаббусининг амалга ошиш муддатлари ҳамда Европа томонидан ваъда қилинган миллиардлаб евро маблағларнинг темир йўл ва порт инфратузилмасига қанчалик йўналтирилиши муҳим аҳамият касб этади.
Брюссель Ўрта коридорни айрим ҳудудларни четлаб ўтувчи геосиёсий аҳамиятга эга транспорт йўналиши сифатида кўраётган бўлса, Ўзбекистон учун бу жараён бир нечта иқтисодий ва транспорт имкониятларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Асосий мақсад эса битта йўналишга боғланиб қолмаслик - транспорт коридорларини кўпайтириш, муқобил маршрутларни очиқ сақлаш ва мамлакатни том маънода Шарқ ҳамда Ғарб ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларининг муҳим бўғинига айлантиришдан иборат.
Николас Бутулин таҳлилидан англашиладики, Ўзбекистон логистикани оддий транзит соҳаси эмас, балки иқтисодий ўсишнинг янги манбаи сифатида кўрмоқда. Муаллиф мамлакатнинг асосий мақсади битта транспорт йўлагига боғланиб қолмасдан, бир нечта муқобил коридорларни ривожлантириш орқали ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш эканини таъкидлайди. Шу маънода, “иккинчи нефть манбаи” ибораси ҳозирги ҳолатни эмас, логистиканинг Ўзбекистон иқтисодиёти учун келгусидаги салоҳиятини англатади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА