“Лочинлар” жамоаси финалда баҳслашади
Андижонда “Ёш чегарачилар” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танловнинг вилоят босқичида мамлакатимизда Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ қилиш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни ватанпарварлик, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг руҳий ва жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда “Ёш чегарачилар” танлови муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Мусобақада туман ва шаҳар босқичларида юқори натижа кўрсатган 8 та жамоа белгиланган – саф тайёргарлиги, югуриш, турникка тортиниш, ўқ отиш, қуролни сочиш ва йиғиш шартлари асосида ғолиблик учун баҳслашди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Пахтаобод туманидаги 21- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг “Лочинлар” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Мусобақада иккинчи ўрин Избоскан тумани “Ёш чегарачилар”, учинчи ўрин эса Марҳамат тумани “Темурбеклар” жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилган жамоалар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.




Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА