Лизингга қишлоқ хўжалиги техникалари
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш жараёнларида лизинг хизматларининг ўрни ва аҳамиятига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш жараёнларида лизинг хизматларининг ўрни ва аҳамиятига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.“Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” акциядорлик лизинг компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда юртимизда сўнггги ўн йилдан ортиқ вақт давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш ҳажми саккиз фоиздан ортиқ бўлаётгани, бунда фермер хўжаликларининг алоҳида ўрни мавжудлиги ҳамда уларнинг юқори самарали замонавий қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлангани алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимизда лизинг хизматининг ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва кенг имтиёзлар яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 2 ноябрдаги «Қишлоқни лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, фермер хўжаликлари учун “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” компанияси хизматидан фойдаланишда қатор имтиёзли лизинг шартлари белгиланган. Техникани лизингга олишда фермер хўжаликлари, машина-трактор парклари ҳамда ҳудудий “Қишлоқхўжаликкимё” акциядорлик жамиятлари учун қатор имтиёзлар яратилган. Лизинг муддатининг 7 йилдан 10 йилгача экани, техника қийматининг 15 фоизи олдиндан тўланиши ва лизинг даромади йиллик фоизининг банк молиялаштириш ставкаси эллик фоизидан ошмаслиги шулар жумласидандир.
Бу компаниянинг мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизациялаш жараёнларидаги иштирокини янада кучайтириш имконини берди. Компания ўз фаолияти мобайнида қишлоқ хўжалик корхоналарига 1 триллион 733 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги 60 турдаги қишлоқ хўжалик техникаларини лизинг асосида етказиб берди. Жорий йилнинг ўн бир ойи давомида муассаса томонидан 3 минг 110 дона техника учун 199,5 миллиард сўмлик лизинг хизмати кўрсатилди. Бунда асосий эътибор ҳайдов тракторлари, маккажўхори ва хашак ўриш комбайнлари ҳамда пахта териш машиналарини етказиб беришга қаратилди. Барча лизинг хизматларининг консалтинг хизматлари билан уйғунликда олиб борилишини таъминлашга эришилмоқда.
Анжуманда компаниянинг лизинг портфелини шакллантиришда тижорат банкларидан жалб қилинаётган ресурслар салмоқли ўрин эгаллаётганлиги, бу борада "Асакабанк", "Агробанк", Халқ банки билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилганлиги алоҳида қайд этилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.