Ливандаги амалиёт туфайли нефть нархи ошди
Ливандаги ҳарбий ҳаракат кўлами кенгайиши жаҳон нефть бозорида янги ўсиш тўлқинини келтириб чиқарди. Инвесторлар эса Яқин Шарқдаги можаро янада чуқурлашиши мумкинлигидан хавотирда.
WTI русумли нефть нархи қарийб 3 фоиз ошиб, бир баррель учун 89,88 долларга етди. "Brent" нефти эса 2,4 фоиз қимматлаб, 93,33 доллардан сотилди.
Исроил қўшини Ливан ҳудудига янада ичкари кириши 17 апрелдан буён амал қилиб келаётган ўт очишни тўхтатиш келишувига қасдма-қасд содир бўлди. Оқибатда минтақавий вазият барқарорлашишига нисбатан умид сусайди.
Осиё фонд бозорида савдо аралаш натижа билан кечди. Жанубий Кореянинг "KоSPI" индекси 1,3 фоиз ўсган бўлса, Япониянинг "Nikkei-225" индекси озгина юқорилади. Австралия ва Хитойда айрим кўрсаткичлар пасайиши қайд этилди.
Бозор эътибори яна бир муҳим воқеага қаратилди: Кун чиқар юртнинг "SoftBank" корпорацияси Францияда сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш учун келаси беш йилда 45 миллиард евро сармоя киритиш режасини эълон қилди. Бу хабар ортидан компания акцияси 5 фоиз қимматлади.
АҚШ фонд бозори эса ўсишда давом этяпти. S&P-500 индекси кетма-кет еттинчи савдо кунида ҳам юқорилаб, янги рекорд ўрнатди. Технология компаниялари акцияси қимматлаши бозор ўсишининг асосий омили бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА