Лиссабонда фахрий дзюдочиларимиз курашмоқда
Португалия пойтахти Лиссабон шаҳрида дзюдо бўйича фахрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда.
30 ёшдан юқори бўлганлар ўртасидаги мусобақада 40 дан зиёд давлатнинг 450 нафарга яқин фахрий дзюдочилари жаҳон чемпионати медаллари учун беллашмоқда.
Чемпионатнинг 100 килограмм вазн тоифасидаги икки фахрий дзюдочимиз жаҳон чемпионатида ўз маҳоратини намойиш этди. Мухторхўжа Тулаевга саралаш беллашувларидаёқ омад кулиб боқмади.
Ушбу вазнда иштирок этган яна бир вакилимиз Жамшид Файзиев эса саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказди. Аммо бронза медали учун кечган мураккаб курашда польшалик Жанишевскийга қўшимча вақтда имкониятни бой берди ва дунё биринчилигидаги иштирокини кучли бешликда якунлади.
Фахрийлар ўртасидаги жаҳон биринчилиги баҳслари 24 октябрга қадар давом этади. Унда ўзбекистонлик яна 3 нафар фахрий спортчи ўз вазнларида медаллар учун баҳслашади.
Т. Рўзиев,
ЎзА